Ижтимоий ҳимоя
“Фаол ҳаётга қадам” туфайли 95 оила камбағалликдан чиқарилди
Фуқаро манфаати, инсон қадри ва халқ фаровонлиги ҳар қандай давлат сиёсатининг энг муҳим мезони. Ижтимоий ҳимоя тизими айнан шу мезонни ифода этиб, жамиятдаги ижтимоий мувозанатни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам инсонпарвар ижтимоий ҳимоя сиёсати юритилиши туфайли жамиятда аҳолининг турли қатламлари ўртасида мувозанат таъминланмоқда, кўмакка муҳтож кишилар давлат томонидан қўллаб-қувватланаётир. Бу борада ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг жойлардаги бўлимлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Мазкур ташкилот аҳолининг ижтимоий масалаларни энг қуйи бўғин – маҳалла даражасида индивидуал ёндашув асосида кўриб чиқиш, муаммоларини профессионал ижтимоий хизмат ва манзилли ёрдам кўрсатиш орқали самарали ҳал этишга хизмат қилмоқда.

– Агентлигимизнинг ҳудудий бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимлари, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан 2024 йилда 119 минг нафар шахс 151 минг хизмат билан қамраб олинган бўлса, ўтган йил 320 минг нафар муҳтож шахс 540 минг ижтимоий хизматлар билан қамраб олиниб, қамров 3,6 баробарга ошди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Шерали Йўлдошев. – Ижтимоий масалалар бўйича мурожаатлар қарийб икки баробарга қисқарди. Ижтимоий хизматлар кўрсатишга хусусий секторни жалб этиш – хизмат сифати ва қамровини кенгайтирди, ота-оналар бандлиги ва даромадини тиклаб, ижтимоий қарамликни камайтирди ва иқтисодий фаолликни оширди. Ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоийлашувига алоҳида эътибор қаратилиб, реабилитация ва протез маҳсулотларини ваучер тизими орқали таъминлаш йўлга қўйилди. Натижада маҳсулотлар тури 18 тадан 38 тага етказилди, ажратилган субсидия миқдори 2 баробардан 15 баробаргача оширилди. Ўтган йил 8 турдаги янги маҳсулот (тиббий тувак, ортопедик матрас, скутер, трансфер, болалар юриш мосламаси, болалар учун махсус функционал аравача, функционал кроват ва бионик қўл маҳсулотлари) таъминотга қўшилди. Йил давомида ногиронлиги бўлган шахслар 14,5 минг дона реабилитация ва протез маҳсулотлари билан таъминланиб, қамров 2023 йилга нисбатан 4 баробарга ошди.
2025 йилда вилоят ногиронларни реабилитация қилиш марказида 2726 нафар, туман (шаҳар) марказий шифохоналаридаги реабилитация бўлимларида 7940 нафар ногиронларга хизмат кўрсатилди. Қайта кўрикдан ўтган 3071 нафар ногиронлиги бўлган шахс реабилитация қилиниб, қамров 2024 йилга нисбатан 2,1 баробарга ошди.

Ўтган йил давомида 11 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлганлар бандлиги таъминланди, 5 минг нафари адаптив спортга жалб қилинди. 2025 йил 15-26 ноябрь кунлари Токиода бўлиб ўтган ХХV Сурдлимпия ўйинларида Самарқанд вилояти вакиллари 1 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритиб, Сурдлимпия тарихида энг юқори натижа қайд этди. Параосиё ўйинларида эса вилоят спортчилари 3 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлди.
Ногиронлиги бўлган болалар ижтимоийлашуви бўйича яратилган имкониятлар ҳам ижобий натижа бермоқда. Жумладан, уларни парвариш қилаётган 8,5 минг оила аъзолари нафақа билан таъминланди, 3930 нафари таълимга жалб қилиниб, аввалги йилга нисбатан қамров 10 баробарга ошди. Бунда имконияти чекланган болаларни инклюзив таълимга жалб қилиш қамрови юқори бўлмоқда. Мисол учун, 2025 йилда 343 нафар имконияти чекланган бола инклюзив таълимга жалб қилиниб, қамров олдинги йилга нисбатан уч баробарга ошди. Илк бор, мактабгача таълимда инклюзив гуруҳлар ташкил этилиб, 105 нафар болалар таълим билан қамраб олинди.
Ш.Йўлдошевнинг қайд этишича, 2025 йил 1 июлдан бошлаб “Фаол ҳаётга қадам” дастури асосида 4541 нафар ўзгалар парваришига муҳтожларга ижтимоий-тиббий реабилитация хизматлари кўрсатилди. Натижада улардан 421 нафарининг саломатлиги тикланди, уларни парваришлаётган 624 нафар оила аъзолари бандлиги таъминланди ва даромади ошганлиги сабабли 95 оила камбағаллик реестридан чиқарилди.
Шунингдек, ҳозирги вақтда вилоятдаги 22 та тадбиркорлик субъекти томонидан “Кундузги парвариш” хизмати йўлга қўйилиб, таълимга лаёқатсиз, имконияти чекланган 506 нафар ногирон бола парвариш қилинмоқда. Уларнинг 154 нафари “Камбағаллик реестри”даги оилалар фарзандлари бўлиб, шу пайтгача бола парваришида бўлган оила аъзоларининг 141 нафари бандлиги таъминланди.
– Жорий йилдан камбағаллик ва ижтимоий ҳимоя реестрлари бирлаштирилиб, ягона “Ижтимоий реестр” жорий этилди, – дея сўзида давом этади Ш.Йўлдошев. – Оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатига кўра давлат таъминотидаги, кам таъминланган ҳамда камбағаллик чегарасидаги тоифаларга ажратилди. Ҳар бир оила учун индивидуал қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилиб, кўрсатиладиган ёрдам турлари аниқ эҳтиёжлардан келиб чиқиб белгиланмоқда. Реестрга киритиш, баҳолаш мезонлари ҳамда тиббий, ижтимоий ва моддий ёрдам тайинлаш жараёнлари ягона электрон платформа орқали амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, йил бошидан ҳомиладорлик ва туғиш (декрет) нафақалари, 2026 йил 1 июлдан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик варақаси) бўйича тўловлар ижтимоий суғурта жамғармаси орқали молиялаштирилиши йўлга қўйилиши, ишловчи аёллар ва норасмий ишлаётган фуқаролар учун кафолатли ва барқарор тўлов тизими яратилишига имконият яратди. Бу орқали хусусий сектор зиммасидаги молиявий юк камайиб, иш берувчи харажатлари қисқармоқда ва норасмий меҳнат муносабатларига барҳам берилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, бу йил 27,6 минг нафар ходим ижтимоий суғурта тўловлари билан қамраб олинади.
Ногиронликни белгилашда ҳам янгича тамойиллар асосида иш тутилмоқда. Энди баҳолаш фақат ташхисга эмас, балки шахснинг функционал чекловлари ва ҳаёт фаолиятидаги имкониятларига қараб амалга оширилади. Жараён рақамлаштирилиб, инсон омили ва ортиқча қоғозбозлик қисқартирилганлиги эса ижобий натижани бермоқда. Йил бошидан буён қўлланилаётган янги стандарт асосида ногиронлик белгилаш натижалари шуни кўрсатяптики, ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда муддатсиз ногиронлик белгилаш 761 тага, II гуруҳ ногиронлик белгилаш 998 тага, I гуруҳ ногиронлик белгилаш 48 тага камайди.
Ижтимоий ҳимоя йўналишида белгиланган вазифаларга кўра, жорий йилда вилоятда 5,6 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги таъминланади, 6,8 минг нафари адаптив спорт турларига жалб қилинади, 14,1 минг нафар муҳтожлар реабилитация ва протез маҳсулотлари билан таъминланади, 36 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар янги стандарт асосида кўрикдан ўтказилади.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири