Келажак кутаётганларники эмас, яратаётганларники
Инсонни танитиш учун баъзан узун таърифлар шарт эмас. Бир неча дақиқа суҳбат кифоя — у инсоннинг қандай фикрлаши, нимани орзу қилиши ва нима учун яшашини англатиб қўяди. Муҳсина Жўрабоева билан мулоқотда ҳам шуни ҳис қиласиз: у гапирганда шошилмайди, сўз танлайди, ҳар бир фикрни юрагида пишитиб, сўнг баён этади.
Бу ҳолат тасодиф эмас. Бу — ўз устида ишлаш, изланиш ва масъулиятни эрта англаш натижаси. Унинг гапларида баландпарвозлик йўқ, лекин мазмун, натижа бор.
Жиззахнинг Пахтакор туманида улғайган Муҳсина учун илм танлов эмас, эҳтиёжга айланган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетидаги таҳсил йиллари бу эҳтиёж янада кучайди . Бу ерда устозларидан ўрганганлари кейинчалик унинг ҳаётида жуда асқотди. Ҳатто талабалик йилларидаёқ “Йил талабаси” танловида ғолибликни қўлга киритди, “Илҳом” мукофотига сазовор бўлди ва давлат гранти соҳиби сифатида эътироф этилди.
Бугун у шу масканда фаолият юритар экан, кечаги ўзи каби изланаётган ёшларга йўл кўрсатишни ўз бурчи деб билади. У бошлаган “Қизлар академияси”, “Геофакт”, “Ёш сайёҳлар” каби лойиҳалар ортида шунчаки ташаббус эмас, аниқ эҳтиёжни ҳис этиш ётади. У ёшлар билан ишлашда уларга тайёр жавоб беришга шошилмайди — аксинча, уларни ўйлашга, изланишга ундайди. Шунинг учун ҳам унинг атрофидагилар фақат иштирокчи эмас, фикрлайдиган, ўз йўлини излаётган инсонларга айланади.
Ижод — Муҳсинанинг ички эҳтиёжи. У кўпинча тилда айтилмаган туйғуларини шеърда акс эттиради. Айтиш қийин бўлган ҳолатлар, қалбда оғирлик қилиб турган ҳислар унинг сатрларида ўз ифодасини топади. “Орзулар осмони”, “Туйғулар жарангги” тўпламларини ўқиган киши бу сатрларда жимжимадорлик эмас, ҳаёт тажрибаси, руҳий изланиш ва самимият борлигини англайди. Унинг айрим ижод намуналари халқаро тўпламларда чоп этилиб, дунё ўқувчиларига ҳам етиб боргани ҳам бунинг яққол исботидир.
Муҳсина учун илм рақамлар ёки назариялар мажмуаси эмас. Унингча, илм — инсонни англаш, табиат билан мулоқот қилиш ва келажак олдида жавобгарликни ҳис этишдир. Туризм ва ҳудудий ривожланишга бағишланган тадқиқотларида ҳам у фақат натижа эмас, мазмун, мантиқ излайди.
– Илмий ва ижодий ишларимнинг хорижда ҳам эътироф этилиши мен учун нафақат шараф, балки масъулият ҳамдир, – дейди Муҳсина Жўрабоева. – Жумладан, “The Song of Feeling” (“Туйғулар қўшиғи”) ва “Дорилфунунга” каби ишларим дунё илмий жамоатчилигига тақдим этилди. Айниқса, “Эркин Воҳидов” номли асаримнинг турли мамлакатларда чоп этилгани менга янада кўпроқ изланиш кераклигини англатди. Чунки илм — тўхташни эмас, доимий ҳаракатни талаб қилади.
Муҳсина муваффақиятни манзил деб билмайди. Унинг учун ҳар бир ютуқ — янги савол, янги масъулият. Балки шунинг учун ҳам у тўхтаб қолмайди. Чунки у бир нарсани яхши англаган: ҳақиқий ютуқ — бу эришилган натижа эмас, балки тўхтамай давом этаётган йўлдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА