Ўқув маркази маҳалла аҳлини хурсанд қилди
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Жийдали маҳалласида янги ўқув маркази фойдаланишга топширилди. Туман марказидан анча олисда жойлашган ушбу ҳудуд аҳолиси учун мазкур маскан нафақат таълим, балки имкониятлар эшигини очган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Маҳалланинг мусаффо ҳавоси, меҳнаткаш ва ориятли аҳолиси бу ернинг ўзига хос фазилатларидан саналади. Бироқ шу пайтгача чекка ҳудуд ёшлари учун сифатли қўшимча таълим олиш, айниқса хорижий тилларни ўрганиш имкониятлари чекланган эди. Туман ёки вилоят марказига қатнаб ўқиш эса вақт ва маблағ жиҳатидан кўпчиликка қийинчилик туғдирарди.

Энди эса вазият ўзгармоқда. Янги ўқув маркази олис қишлоқ ёшларининг билим олишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш мақсадида ташкил этилди. Ушбу лойиҳа ёшларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган “Кўмак” дастури доирасида амалга оширилди.
— Асосий эътибор йигит-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўргатишга қаратилган, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Муродбек Раҳмонбердиев. — Энг муҳими, қишлоқ ёшлари имконият борасида шаҳарлик тенгдошларидан кам бўлмаслиги керак. Илм ва инновация қишлоққа кириб борса, тараққиёт ҳам шу ердан бошланади.
Замонавий жиҳозланган, барча қулайликларга эга ўқув маркази маҳалла аҳлида катта мамнуният уйғотди. Ота-оналар фарзандларининг ўз қишлоғида туриб сифатли таълим олиш имконига эга бўлаётганини юксак баҳоламоқда.
Мутахассислар фикрича, бундай марказлар нафақат таълим сифатини оширади, балки ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини кучайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Қисқаси, Жийдалидаги янги ўқув маркази — бу оддий бино эмас. У олис қишлоқ ёшлари учун янги орзу ва мақсадлар сари очилган мустаҳкам кўприкдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА