Тадбиркорликка қизиққан ёшлар учун янги имкониятлар
Ангрен шаҳрида "Ёшлар, депутатлар ва тадбиркорлар" мавзусида очиқ мулоқот ва бизнес-тренинг ташкил этилди.
Ангрен университетининг Иқтисодиёт ва ҳуқуқ факультети, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда асосий эътибор ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиш учун зарур билим ва кўникмаларни беришга қаратилди.
Учрашувда Ангрен университети ректори Шуҳрат Муталов, профессор-ўқитувчилар, партия фаоллари, тажрибали тадбиркорлар ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирнинг амалий қисмида ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган ёшлар учун соҳа мутахассислари ва тадбиркорлар иштирокида бизнес-тренинг ўтказилди. Унда мутахассислар томонидан бизнес ғояни шакллантириш ва уни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашнинг дастлабки босқичлари, бизнес-режа ва ҳаракатлар йўл харитасини ишлаб чиқиш, солиқ тизими талаблари, мижозлар билан самарали ишлаш, маҳсулот ва хизматлар нархини белгилаш каби масалалар юзасидан амалий тушунчалар берилди.
Машғулотларнинг тадбиркорлар тажрибаси асосида ташкил этилгани иштирокчилар учун айниқса аҳамиятли бўлди. Ёшлар назарий билимлар билан бирга, бизнес юритиш жараёнида учрайдиган муаммолар, уларнинг ечимлари ва муваффақиятли фаолият олиб бориш омиллари билан ҳам танишдилар. Бу эса ўз бизнес ғояларини таҳлил қилиш ва мустақил фаолиятни бошлаш учун зарур кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилди.
— Бугунги кунда ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва мустақил бизнес юритиши учун зарур шароитларни яратиш долзарб вазифалардан биридир. Чунки тадбиркорлик нафақат шахсий даромад манбаи, балки янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини оширишнинг ҳам муҳим омили ҳисобланади. Партиямизнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган беғараз ўқув курслари, маҳорат дарслари ва бизнес-тренингларни ташкил этишни мақсад қилганмиз. Бунда асосий эътибор ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган, бироқ дастлабки қадамларни қандай ташлаш, бизнес ғоясини қандай амалга ошириш борасида етарли билим ва тажрибага эга бўлмаган ёшларга амалий ёрдам кўрсатишга қаратилади, – ЎзЛиДеП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев.
Тадбир доирасида университетнинг бир гуруҳ вакиллари партия аъзолигига қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, бундай амалий машғулотлар ва маҳорат дарсларини Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу ташаббуслар орқали ҳудудда 10 минг нафардан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларни қамраб олиш кўзда тутилган.
Зеро, тадбиркорликни бошлаш учун фақат яхши ғоянинг ўзи кифоя эмас. Уни амалга ошириш йўлларини билиш, бозор талабини англаш, молиявий режалаштириш ва тўғри қарор қабул қилиш ҳам муҳим. Мазкур ўқув ва амалий машғулотлар ана шу кўникмаларни шакллантириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
А.Мусаев,ЎзА