“Ихтирочи аёл - 2026” танловида Дилафрўз Самадова ғолиб бўлди
Кимё саноатида янги маҳсулотларни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва экологик муаммоларга самарали ечим топиш илмий изланишлар ҳамда инновацион ғояларни талаб этади. Бу борада соҳада фаолият юритаётган ва тегишли йўналишларда таълим олаётган хотин-қизларнинг ташаббусларини рағбатлантириш муҳим ўрин тутади.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ташаббуси билан ташкил этилган “Ихтирочи аёл - 2026” кўрик-танлови ана шундай ғояларни аниқлаш ва уларнинг амалий имкониятларини баҳолашга қаратилди. Республика босқичида тармоқ корхоналари ходимлари ва олий таълим муассасалари талабалари ўз лойиҳаларини ҳакамлар эътиборига ҳавола қилди.

Икки кун давом этган тақдимотларда Тошкент кимё-технология институти, Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ва “Янги Ўзбекистон” университетида таҳсил олаётган талаба қизлар ҳам қатнашди. Улар корхоналарда меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан бир қаторда илмий изланишлари ва амалий таклифларини тақдим этди.
Ишланмалар энергияни тежаш, экологик муаммоларга ечим топиш, ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар яратишга қаратилди. Лойиҳаларнинг янгилиги, иқтисодий ва экологик самарадорлиги ҳамда амалиётга жорий этиш имкониятлари асосида баҳоланди.
Танлов натижаларига кўра, биринчи ўрин “Навоиазот” АЖ ходими Дилафрўз Самадовага насиб этди.

Иккинчи ўринга “Maxam-Chirchiq” АЖ ходими Назира Абдухолиқова ва “Ammofos-Maxam” АЖ ходими Лобар Бойзоқова сазовор бўлди.
Учинчи ўринни Тошкент кимё-технология институти талабаси Бахмалой Абдураҳимова ҳамда “Навоиазот” АЖ ходимлари Гулбаҳор Рўзиқулова ва Гулчеҳра Раҳимова эгаллади.
Шунингдек, учта махсус номинация бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Тадбир якунида уларга “Ўзкимёсаноат” АЖ номидан дипломлар, махсус статуэткалар ва пул мукофотлари топширилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА