Истиқлолимизнинг ўттиз беш йиллиги кенг нишонланди
Нукус шаҳридаги марказий Амфитеатрда юртимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, халқимизни энг улуғ, энг муқаддас айём – юртимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги байрами билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, бу йилги мустақиллик байрами “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган чуқур маъноли ғоя остида ўтказилиши кўп миллатли халқимизни – она Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида бирлаштириб, барчани эзгу ишларга руҳлантирмоқда. Айниқса, байрам муносабати билан шаҳар ва туманларда, шунингдек, маҳаллаларда “Мустақиллик тўйи” фестиваллари кўтаринки руҳда ўтказилгани, халқимизнинг бугунги турмушидан розилигини таъминлаш йўлида бир қатор амалий чора-тадбирлар олиб борилгани байрамга янада кўтаринки руҳ ва халқимизга юқори кайфият бағишлади.

Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистонда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган бир қатор муҳим фармон ва қарорлари халқимизга муносиб турмуш шароитини яратишга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунинг билан бирга юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда қатор инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилиб, қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари, кўплаб ижтимоий объектлар ишга туширилди.

Тантанали байрам тадбири концерт дастури билан давом этди. Дастурдан жой олган санъат усталари ва ёш иқтидор эгалари ижросидаги Ватан, дўстлик, тинчлик ва тотувлик, ёшлик ҳақидаги қўшиқлар ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида кенг нишонланмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири