Навоий вилояти тажрибаси: тиббиётдаги ўзгаришлар
Бугун соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, тиббий хизмат сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш ва аҳоли учун унинг очиқлиги ҳамда қулайлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу жараён Навоий вилоятида ҳам тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва тиббий хизматларни рақамлаштириш орқали изчил давом этмоқда.
Айни пайтда вилоятда 1 118 497 нафар аҳолига 295 та давлат тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатмоқда. Тизимда 3 829 та шифо ўрни, 209 та реанимация ўрни мавжуд бўлиб, 2 351 нафар шифокор ва 12 303 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда.
Вилоят тиббий хизматини ташкил этишда ҳудуднинг географик хусусиятлари муҳим аҳамиятга эга. Учқудуқ, Томди ва Конимех туманлари вилоят ҳудудининг 84,6 фоизини эгалласа-да, бу ерда аҳолининг бор-йўғи 8,2 фоизи – 92 037 нафар киши истиқомат қилади. Шу боис олис ҳудудларда тиббий хизматнинг узлуксизлиги ва тезкорлигини таъминлаш алоҳида ёндашувни талаб этади.
2025 йил якунларига кўра, аҳолига хизмат кўрсатиш учун 155 та бирламчи тиббий-санитария ёрдамчи муассасаси, 169 та амбулатор-поликлиника муассасаси, 46 та таянч пункт ва 78 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият юритган. Тез тиббий ёрдам бригадалари 424 847 та чақирувни бажарган, санитар авиация томонидан эса 2 339 та чақирув амалга оширилган.
Шу даврда 193 073 нафар бемор стационар шароитда, 94 890 нафар бемор кундузги стационарларда даволанган. Бир шифо ўрнига йилига ўртача 50,4 нафар бемор тўғри келган.
Тиббиёт тизимида касалликларни эрта аниқлаш ва аҳолига яқин жойда сифатли хизмат кўрсатиш биринчи навбатда бирламчи бўғиннинг салоҳиятига боғлиқ. Шу мақсадда вилоятдаги оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар замонавий электрокардиограф, ультратовуш ва лаборатория диагностика ускуналари билан таъминланган.
Олис ва чекка ҳудудларга кўчма мобил диагностика мажмуалари жалб қилиниб, аҳолини яшаш жойининг ўзида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш имконияти кенгайтирилган.
Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида тиббий хизматни ташкил этишнинг янги модели тажриба-синов тариқасида жорий этилган ҳудудлар қаторига Хатирчи тумани ҳам киритилди. Туманда 23 та оилавий шифокорлик пункти ва 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника негизида 33 та оилавий поликлиника, жумладан, 25 та I тип ва 8 та II тип поликлиника ташкил этилди.
Янги моделнинг дастлабки натижалари эътиборга молик: оилавий поликлиникаларга мурожаатлар 30 фоизга, оилавий шифокор қабулига ёзилиш 20 фоизга ошган. Шу билан бирга, стационарга ётқизиш 12 фоизга, юқори бўғинга йўлланмалар ва тез тиббий ёрдам чақирувлари 22 фоизга камайган.
Тизимда инсон капитали ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Хатирчи туманида бирламчи тиббий-санитария муассасаларида фаолият юритувчи шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари 432 соатлик махсус дастур асосида ўқитилди.
Тиббиёт муассасасини замонавий аппаратлар билан таъминлашнинг ўзи етарли эмас. Уларни самарали ишлата оладиган, замонавий диагностика усулларини ўзлаштирган мутахассислар тайёрлаш ҳам муҳим.
Сўнгги йилларда Навоий вилоятидан юзлаб шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари республикадаги етакчи илмий марказлар, шунингдек, Россия, Беларусь, Туркия ва Жанубий Корея каби давлатларда малака ошириб қайтди. Янги ускуналарни ишга тушириш жараёнида хорижий экспертлар иштирокида маҳорат дарслари ва амалий тренингларнинг ташкил этилиши эса технологик янгиланишни кадрлар салоҳияти билан уйғунлаштирмоқда.
Замонавий тиббиётни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Навоий вилоятида ҳам соҳа рақамлаштирилиб, ягона рақамли соғлиқни сақлаш оператори – DMED тизимидан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Тизим орқали беморлар шифокор қабулига онлайн ёзилиши, электрон тиббий картаси ва рецептларини кўриши мумкин. Тиббиёт ходимлари учун эса бемор маълумотларини ягона базада юритиш, электрон рецепт ва маълумотномаларни расмийлаштириш имконияти яратилмоқда. Шифохона ва дорихоналарда омбор, молия, лаборатория натижалари ҳамда электрон рецептлар билан боғлиқ жараёнларни автоматлаштириш тиббий хизматнинг тезкорлиги ва шаффофлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, ҳудуди катта ва аҳолиси сийрак жойлашган Навоий вилояти учун телемедицина имкониятлари муҳим аҳамият касб этади. Олис қишлоқлардаги тиббиёт муассасаларидан мураккаб ҳолатлар бўйича вилоят ва республика марказлари мутахассислари билан онлайн консилиумлар ўтказиш, масофадан юқори малакали тавсиялар олиш имконияти тиббий ёрдамнинг ҳудудий тенглигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Навоий вилояти тажрибаси тиббиётни модернизация қилиш фақат янги бино ёки замонавий аппаратлар билан чекланмаслигини кўрсатмоқда. Самарали натижа инфратузилма, малакали кадр, рақамли технология ва бирламчи тиббий хизматни кучайтиришнинг ўзаро уйғунлиги орқали таъминланади.
Айниқса, Хатирчи туманидаги янги модель натижалари – мурожаатларнинг 30 фоизга ошиши, стационарга ётқизишнинг 12 фоизга ва юқори бўғинга йўлланмалар ҳамда тез ёрдам чақирувларининг 22 фоизга камайиши – бирламчи бўғинни кучайтириш аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишини кўрсатмоқда.
Шу маънода, Навоий вилоятида замонавий жиҳозлаш ва рақамлаштириш жараёнлари нафақат тиббиётнинг технологик қиёфасини ўзгартирмоқда, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг янада самарали, тезкор ва очиқ тизимини шакллантиришга замин яратмоқда.
Вали Тўрақулов,
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА