Истиқлол таълим, маданият, спорт ва ёшлар йўналишида янги уфқларни очди
Шу кунларда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғоясига ҳамоҳанг тарзда турли тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Жумладан, парламент қуйи палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси ташаббуси билан “Фан-таълим, спорт ва маданият соҳаларини тартибга солувчи ҳуқуқий асосларнинг такомиллашуви ва бунда парламентнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Турли вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар, олимлар иштирок этган тадбирда мамлакат тараққиёти, инсон қадрини юксалтириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, юртимизнинг халқаро нуфузини оширишга қаратилган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда илм-фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар соҳаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Таълим сифати халқаро стандартлар асосида оширилаётгани, илмий тадқиқотлар самарадорлиги юксалтираётгани, инновацион иқтисодиёт учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Олий таълим муассасаларининг халқаро рейтинглардаги ўрни ошиб бормоқда. Давлат томонидан илмий лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда.

Ёшларнинг билим олиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, инновацион ғояларини амалда рўёбга чиқариши ҳамда меҳнат бозорига интеграциясини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ўз натижасини кўрсатмоқда.
“Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш устувор вазифалар сифатида белгиланиб, улар доирасида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Давра суҳбатида спорт, маданият, санъат соҳаларидаги янги механизмлар, спортчилар ва ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, ҳар бир соҳада эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, таълим жараёнига сунъий интеллект ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ёшларнинг стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш борасида таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА