Божхона идоралари раҳбарларининг XI йиллик учрашуви ўз ишини бошлади
Бугун дунёда халқаро савдо ва логистика тизими жадал ўзгариб бормоқда. Айни жараёнда жиноий тармоқлар рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фаол фойдаланаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
Замонавий таҳдидларга қарши курашишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, тезкор ахборот алмашинуви ва рискларни бошқаришнинг илғор механизмлари ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Тошкентда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг “Йўловчи ва юклар ҳаракатини назорат қилиш глобал дастури” доирасида Божхона идоралари ва Порт назорати гуруҳларининг минтақалараро тармоғи тўғрисидаги меморандумга аъзо давлатлар божхона идоралари раҳбарларининг XI йиллик учрашуви ўз ишини бошлади.
«Йўловчи ва юклар ҳаракатини назорат қилиш глобал дастури» Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Уч кун давом этадиган мазкур нуфузли анжуманни Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Ғ.Насиров очиб берди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда божхона маъмуриятларини рақамлаштириш, маълумотлар таҳлилига асосланган хавфларни бошқариш тизимини жорий этиш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Божхона қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Таргетлаш маркази хавфларни олдиндан аниқлаш, таҳлил қилиш ва назорат тадбирларини самарали мувофиқлаштиришда муҳим ўрин тутади.
Учрашувдан мақсад Глобал дастур доирасида амалга оширилган ишлар натижаларини муҳокама қилиш, трансмиллий уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар, прекурсорлар ва бошқа ноқонуний товарлар айланмасига қарши курашишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдир. Бу борада келгуси стратегик вазифалар белгиланади.
Тадбир давомида Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Туркманистон ва Украина божхона маъмуриятлари вакиллари хавфларни таҳлил қилиш, таргетинг марказлари фаолиятини ривожлантириш, рақамли трансформация, сунъий интеллектдан фойдаланиш каби кўплаб масалалар юзасидан тажриба алмашади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Таргетлаш маркази, Марказий божхона лабораторияси ҳамда Божхона расмийлаштируви маркази фаолияти билан яқиндан танишади. XI йиллик учрашув 30 июлга қадар давом этади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА