Истиқлол — буюк ўзгаришлар тимсоли
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорода Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги кенг тантана қилинди. Бу байрам оддий сана эмас — халқимизнинг озод ва фаровон ҳаётга интилиши, миллий ғурури, Ватанга садоқати ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги улкан ютуқларини намоён этган улуғ айём сифатида тарих саҳифаларига муҳрланмоқда.
Бухородаги тантана майдонида байрам шу йилги истиқлол айёмининг улуғ ғоясини ўзида мужассам этган бадиий композиция билан бошланди. “Ягона Ватан — ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя саҳна кўриниши орқали теран ифода этилди.
Унда Ватанга муҳаббат, истиқлолга садоқат, миллий бирлик ва юрт келажагига ишонч туйғулари уйғунлашди. Сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, майдонга йиғилган минглаб инсонлар қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдирди.
Тантанани Бухоро вилояти ҳокими, сенатор Ботир Зарипов табрик сўзи билан очиб, барча бухороликларни улуғ айём билан самимий қутлади.
Вилоят раҳбари ўз нутқида кейинги йилларда мамлакатимизда, хусусан, Бухорода амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда эришилаётган натижалар хусусида тўхталди.

Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳнамолигида илгари сурилаётган “Янги Ўзбекистон” ғояси асосидаги кенг кўламли ислоҳотлар юртимиз ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда. Инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, тадбиркорлик ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган сиёсат Бухоро ҳаётида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
— Таҳлилларга кўра, кейинги ўн йилда ялпи ҳудудий маҳсулотимиз 7 каррага ошиб, шу йил якуни билан 8,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Экспорт салоҳиятимиз сезиларли даражада юксалиб, жорий йилнинг 8 ойида 777 миллион АҚШ долларига етди, — деди вилоят раҳбари.
Бу рақамлар ортида янги корхоналар, янги иш ўринлари, замонавий маҳаллалар, обод кўчалар, янгиланган таълим ва тиббиёт муассасалари, ўзгариб бораётган инсон тақдирлари мужассам.
Бугун Бухоро қиёфаси ҳам тобора янгиланмоқда. Тарихий обидалар қайта реставрация қилинмоқда, “Янги Ўзбекистон” боғи, Маъмурий марказ, янги Халқаро аэропорт, 50 гектарлик Туризм мажмуаси, Ислом тамаддуни намояндалари хиёбони, муҳташам Конгресс холл, 4 ва 5 юлдузли бренд меҳмонхоналар каби йирик лойиҳаларда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари якунига етказилмоқда.

Бу иншоотлар нафақат шаҳарнинг замонавий қиёфасини белгилайди, балки Бухоронинг жаҳон туризмидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жорий йилда вилоятга хорижий сайёҳлар оқими 3,5 миллион нафарга етиши, туризм ҳисобидан иқтисодиётга 1 миллиард доллар миқдорида тушум кириши кутилмоқда.
Бугунги тараққиётнинг энг муҳим мезони — бунёд этилган бинолар ёки иқтисодий кўрсаткичлар эмас, аввало, инсон ҳаётидаги ўзгаришдир.
Шу маънода, Бухорода ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги модели яратилгани, “Инсон” марказларининг ташкил этилгани аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлди.
“Ҳамроҳлик дастури” доирасида ота-она меҳридан маҳрум бўлган 242 нафар бола таълим, касб-ҳунар ва спорт тизимига жалб этилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 81 мингдан зиёд аъзосига 121 турдаги ёрдам ва хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг ўзида вилоятда ёрдамга муҳтож аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун 433,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бу рақамлар инсон тақдири давлат сиёсати марказида турганининг амалий ифодасидир.

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да маҳаллаларни обод ва фаровон қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Маҳаллаларнинг имконият ва салоҳиятидан келиб чиқиб, уларни муайян тадбиркорлик йўналишларига ихтисослаштириш орқали ўзига хос иқтисодий драйверлар шакллантирилди.
Янги иш ўринлари яратилиши ҳисобига 275 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Камбағаллик даражаси эса ўтган йилнинг шу давридаги 6 фоиздан 2 фоизга қисқартирилди.
Вилоятда 76 та маҳалла сервис компанияси ташкил этилгани ҳам маҳаллаларни иқтисодий жиҳатдан фаоллаштиришга қаратилган янги ёндашувнинг самараси бўлди. Маҳалла ободлиги эса юрт ободлигининг кўзгусидир.
“Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида шу йилнинг ўзида қарийб 6,5 миллион туп дарахт, бута ва гул кўчатлари экилди. 278 километр электр тармоқлари тортилди. Тоза ичимлик суви ва канализация тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича 198 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Олот, Қоракўл ва Қоровулбозор туманларини тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилган лойиҳалар эса инсон ҳаёти сифатига бевосита таъсир қилаётган муҳим ишлардан бўлди.
Сўнгги ўн йилда вилоятда 1,5 мингта кўп қаватли уй-жой барпо этилгани аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда муҳим қадам бўлди. Жорий йилнинг ўзида “Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда 7 минг хонадонга мўлжалланган 128 та замонавий кўп қаватли уй қурилиб, аҳолига топширилади.
Автомобиль йўлларини модернизация қилишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Вилоят ҳудудидан ўтувчи магистрал ва ички автомобиль йўлларида 500 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Жумладан, А-380 халқаро автомобиль йўлининг вилоят ҳудудидан ўтувчи 165 километрлик қисми замонавий кўринишга келтирилди, 12 та кўприк ва йўл ўтказгич барпо этилди. Айни пайтда 336 та ижтимоий объектда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда.
Истиқлолнинг энг буюк меваси — эркин фикрлайдиган, билимли ва замонавий касбларни эгаллаган авлоддир. Шу боис таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Янги ўқув йилида янги қурилган ва таъмирланган 151 та мактаб, 85 та мактабгача таълим муассасаси, 15 та техникум ва коллеж ёш авлод ихтиёрига топширилади. Сўнгги ўн йилда мактабгача таълим қамрови 22,5 фоиздан 90,4 фоизга етказилди.
2026 йилда Бухоро мактабларининг 33 нафар ўқувчиси республика ва халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритгани ҳам таълимга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин натижасидир.
Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари бўйича етакчи ўринларни эгаллаб келаётгани эса Бухоро ёшларининг салоҳияти юксак эканини кўрсатмоқда.
Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳам инсон қадрини юксалтиришга қаратилган. Бухоро аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлиги 2016 йилдаги 75,5 ёшдан 77 ёшга етказилди. Жорий йил якунига қадар 80 та соғлиқни сақлаш объектини фойдаланишга топшириш, 131 миллиард сўмлик тиббий ускуна ва жиҳозлар харид қилиш режалаштирилган. Бу — тиббиётдаги рақамлар эмас, балки минглаб инсонларнинг соғлом ва узоқ умр кечириши учун яратилаётган имкониятлардир.

Истиқлол байрами арафасида меҳнаткаш ва фидойи инсонларнинг хизматлари муносиб эътироф этилди. Президентнинг тегишли фармонларига мувофиқ, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳалол ҳамда фидокорона меҳнати билан намуна кўрсатган 22 нафар бухоролик юксак давлат мукофотлари, 2020 нафар юртдошимиз эса “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Бухородаги байрам тантанаси бир ҳақиқатни яна бир бор намоён этди: мустақиллик — биз учун фақат тарихий сана эмас. У — ҳар куни яратилаётган янги имкониятлар, обод маҳаллалар, замонавий мактаблар, шифо масканлари, янги корхоналар, фаровон оилалар ва эртанги кунга ишонч демакдир.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилаётган “Янги Ўзбекистон” ғояси ана шу эзгу мақсадларни ягона мақсад атрофида бирлаштирмоқда. Бу ғоянинг марказида эса инсон, унинг қадри, ҳуқуқ ва эркинлиги, муносиб ҳаёти ва бахтли келажаги турибди.
Бухоро бугун ўзининг минг йиллик тарихига муносиб равишда янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Қадимий обидалар ва замонавий иншоотлар, миллий қадриятлар ва инновациялар, бой тарих ва буюк келажак бир маконда уйғунлашмоқда.

Байрам майдонида янграган “Ягона Ватан — ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган улуғ ғоя ана шу жараённинг моҳиятини тўла ифодалайди. Зеро, Ватан тақдирига дахлдорлик, халқ бирлиги ва бунёдкорлик руҳи бор экан, истиқлолимизнинг ҳар бир йили кечагидан буюк, эртанги кунимиз эса бугунимиздан янада ёруғ бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири