Фарғона: рақамларда акс этган тараққиёт (+видео)
Бугун Бурҳониддин Марғиноний илмий-маънавий марказида Фарғона вилояти аҳли Мустақилликнинг 35 йиллигини кенг нишонламоқда. Бу қутлуғ сана нафақат байрам, балки ўтган давр сарҳисобини қилиш, эришилган натижаларни рақамларда баҳолаш ва олдинда турган вазифаларни белгилаш учун ҳам муҳим фурсатдир.
Фарғона иқтисодиёти ҳақида гапирганда, унинг кўламини оддий рақамлар билан ҳам тасаввур қилиш мумкин. 2026 йилнинг январь-июнь ойларида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 65,2 триллион сўмга етди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоиз кўп. Фарғонанинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини шакллантиришдаги ҳиссаси эса 6,1 фоизга ўсди. Эътиборли жиҳати шундаки, иқтисодий ўсиш битта тармоқ ҳисобига эмас, балки бир нечта йўналишдаги ижобий динамика ҳисобига таъминланмоқда. ЯҲМ таркибида хизматлар соҳасининг улуши 49,2 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг улуши 27,3 фоиз, саноатники 15,7 фоиз, қурилишнинг улуши эса 7,8 фоизни ташкил қилмоқда. Демак, Фарғона иқтисодиётида хизматлар соҳаси тобора катта ўрин эгалламоқда. Бу ҳудуд иқтисодиётининг анъанавий аграр-индустриал моделдан хизматлар, қайта ишлаш, савдо, логистика ва замонавий сервисларга таянган кўп тармоқли тизимга ўтаётганини кўрсатади.
2026 йил январь-июнь ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 фоизга, ялпи қўшилган қиймати эса 15,7 триллион сўмга ўсди. Айниқса, қурилиш соҳасидаги 22,4 фоизлик юксалиш эътиборга молик. Бу кўрсаткич янги ишлаб чиқариш қувватлари, уй-жойлар, инфратузилма ва ижтимоий объектлар қурилиши иқтисодий фаолликнинг муҳим драйверига айланганидан далолат беради.
Иқтисодий ўсишнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири – инвестиция. 2026 йилнинг биринчи ярмида Фарғона вилояти иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 25,7 триллион сўм сармоя ўзлаштирилди. Бу 2025 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 46,7 фоизлик ўсиш демакдир.
2026 йилда вилоятда умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Улар доирасида 1 424 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 52 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Вилоят ҳозирда дунёнинг 74 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширмоқда. Фарғона азалдан Ўзбекистоннинг энг йирик аграр ҳудудларидан бири бўлиб келган.
Ғаллачиликда нав танлаш, ерни ҳайдаб экиш, кўчатни янги қўшимчалар билан парваришлаш ва нест-нобуд қилмай вақтида йиғиб олингани туфайли вилоятда ўртача ҳосилдорлик 83,1 центнерга етди. Ўнлаб фермерлар 100 центнердан ошириб дон етиштирдилар.
Пахтачиликда Шинжон услуби қўлланди. Қўшқатор, плёнка остида, томчилатиб суғориш услубини қўллаб, Хитой уруғлик чигитини экдилар. Ҳали сентябрь келмади, аммо далалар чаман очилган пахта денгизи мисол тебранмоқда. 300 та терим машинаси эса саф тортиб, ўз вақтини кутиб турибди. Вилоят ҳар бир гектаридан ўртача 53,5 центнердан ҳосил олишни режалаштирган. Умуман 2026 йил биринчи ярмида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида ўсиш суръати 104,5 фоизни ташкил этди.
Сўнгги йилларда 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор ташкил этилди, яна 6 минг гектари янгиланди. Мева-сабзавот экспорти 400 миллион долларга етган. Бу йил у 500 миллион доллардан ошиши кутиляпти. Бу жараён Фарғонанинг Олтиариқ узумчилиги, Қува ва бошқа ҳудудлардаги боғдорчилик, сабзавотчилик ва қайта ишлаш корхоналари билан бевосита боғлиқ.
Фарғона вилояти учун 2026 йилга белгиланган мақсадлар ҳам юқори. Йил якунига қадар иқтисодиёт ўсишини 9,1 фоизга, саноат ўсишини 9 фоизга таъминлаш, 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш ва экспортни 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.
Бу рақамлар оддий режа эмас. Улар Фарғона иқтисодиётининг кейинги босқичи қандай бўлишини белгилайди. Бунинг ортида минглаб тадбиркорлар, муҳандислар, деҳқонлар, қурувчилар, ишчилар ва мутахассисларнинг меҳнати мужассам. Мустақиллик байрами арафасида бу рақамларга қарар эканмиз, бир ҳақиқат яна бир бор аён бўлади.
Фарғона бугун фақат ўзининг тарихий ва маънавий салоҳияти билан эмас, балки иқтисодий имкониятлари билан ҳам Ўзбекистон тараққиётининг муҳим таянч нуқталаридан бирига айланиб бормоқда.
Бурҳониддин Марғиноний номи билан аталган илмий-маънавий марказда нишонланаётган Мустақиллик байрами ана шу тараққиёт – тарих, маънавият ва замонавий иқтисодий юксалиш уйғунлашиб бораётганининг рамзий ифодаси бўлади. Зеро, Мустақилликнинг мазмуни фақат байрамона тадбирлардагина эмас, 65 триллион сўмлик иқтисодий салоҳиятда, 25 триллион сўмдан ортиқ инвестицияда, янги корхоналар ва иш ўринларида, экспорт географиясининг кенгайишида ва энг муҳими – инсоннинг фаровон ҳаётида намоён бўлади.
Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими сўзга чиқиб, барчани айём билан муборакбод этди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gw3k2kzyq10" title="FARG`ONA: RAQAMLARDA AKS ETGAN TARAQQIYoT" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА