ХМТ раҳбари: Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак даражада қадрлаймиз
Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Ф.Унгбо Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртдошларимизга табрик йўллади.
ХМТ раҳбари табригида Ўзбекистон халқи ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевни ушбу қутлуғ сана билан самимий муборакбод этар экан, мустақиллик йилларида мамлакатда иқтисодиётни модернизация қилиш, инсон қадр-қимматини юксалтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади.
Жильбер Ф.Унгбо қайд этишича, муносиб меҳнат тамойилини илгари суриш борасида Ўзбекистон салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Фаол дипломатия йўли билан минтақавий ҳамкорликни ривожлантириши ва ХМТ Маъмурий кенгашида иштирок этиши мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
ХМТ бош директори Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлашини эътироф этиб, сўнгги йилларда икки томонлама муносабат изчил мустаҳкамлангани, болалар ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, бандликни таъминлаш, меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ижтимоий мулоқотни ривожлантириш борасида муҳим натижаларга эришилганига урғу берган.
Табрик сўнгида Жильбер Ф.Унгбо Ўзбекистон халқига тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик тилади.
Д.Ҳакимов, ЎзА