Истиқболли кадрлар: 30 нафар номзод сараланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида Спорт вазирлиги тизимида фаолият юритаётган истиқболли хотин-қиз кадрлар учун малака ошириш курслари бошланди.
Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган Спорт вазирлиги ҳамда Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси масъуллари мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз иқтидорини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилгани, жамиятнинг турли бўғинлари сингари жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳам уларнинг салмоғини ошириш, меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва фаолиятини рағбатлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани айтилиб, қўлга киритилаётган спорт натижаларида уларнинг муносиб ҳиссаси борлиги эътироф этилди.

Таъкидланганидек, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида истиқболли хотин-қиз кадрларни саралаш дастури доирасида 200 нафарга яқин номзод орасидан тест ва суҳбат натижалари асосида юқори натижа қайд этган 30 нафар хотин-қиз саралаб олинди.

Жорий йилнинг 27 ноябрига қадар давом этадиган назарий ва амалий ўқув-машғулотлар давомида малака ошириш курсларида иштирок этаётган хотин-қизларнинг бошқарув ва касбий кўникмаларини ривожлантириш, раҳбарлик салоҳиятини оширишга эътибор қаратилиши назарда тутилмоқда.

Дастур якунида муваффақиятга эришган номзодлар юртимиздаги жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг тизим ташкилотлари бошқарув кадрлари захирасига киритилиши назарда тутилмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА