Иссиқхоналар учун янги талаблар қўйилмоқда
Пойтахт минтақасида фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликларига экологик тоза технологияларга ўтиш шарти билан ишини давом эттиришга рухсат бериш таклиф этилмоқда.
Бунда замонавий иситиш ускуналарини ўрнатиш, зарарли чиқиндиларни филтрлаш ва атмосферага чиқарилаётган моддаларни онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Сўнгги вақтларда, айниқса, тунги пайтда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, шамолсиз об-ҳаво кузатилганда атмосферада инверсия ҳодисаси юзага келмоқда. Натижада кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган иссиқхоналардан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар ҳавода тўпланиб, аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Жумладан, Юнусобод тумани аҳолиси ҳаво сифати ёмонлашгани ва иссиқхоналардан келаётган нохуш ҳидлар юзасидан мурожаат қилган.
Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотлар томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказилиб, атмосфера ҳавосидан намуналар олинган. Мақсад — ҳавони ифлослантираётган манбаларни аниқлаш ва қоидабузарларга нисбатан қатъий чоралар кўриш учун ишончли маълумотларни тўплаш.
Махсус комиссия пойтахт ҳавосига салбий таъсир кўрсатаётган манбалар, жумладан, саноат корхоналари, автотранспорт, иситиш тизимлари ҳамда куз-қиш мавсумида аҳоли яшаш ҳудудларига яқин жойлашган иссиқхона хўжаликлари чиқиндиларини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Таклиф этилаётган ечимга кўра, давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган иссиқхоналар табиий газ, суюлтирилган газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиши мумкин.
Ушбу манбалардан фойдаланиш имконияти бўлмаган ҳолатларда кўмирда ишлайдиган замонавий иситиш ускуналаридан фойдаланиш ҳам таклиф этилмоқда. Бироқ бунда қатор мажбурий талаблар белгиланади. Хусусан, иссиқхоналар зарарли чиқиндиларни белгиланган меъёрларгача камайтирадиган сертификатланган қозонлар, тозалаш ва фильтрлаш тизимлари билан жиҳозланиши керак. Шунингдек, видеокузатув тизими ўрнатилиб, тегишли маълумотлар ва видеотасвирлар Миллий экологик мониторинг марказига узатилиши лозим.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва бошқа идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ иссиқхоналар учун таклиф этилган технологияларни ўрганди. Жумладан, Хитой технологиялари асосида ишлаб чиқилган қозонхона ускунаси ва фильтрлардан иборат иситиш тизимининг тажриба намунаси тақдим этилди.
Жорий йил 30 сентябрь ва 8 октябрь кунлари ўтказилган ўлчовлар натижасида мазкур фильтр намунаси орқали атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган хавфсизлик меъёрларига мос келмаслиги аниқланди. Келишувга мувофиқ, иссиқхона хўжаликлари фильтрни такомиллаштириши, шундан сўнг ишчи гуруҳ томонидан қайта ўлчовлар ўтказилиши белгиланди.
Айни пайтда иссиқхоналар қозонхоналари учун фильтрларга қўйиладиган хавфсиз чиқинди стандартларини тасдиқлашга қаратилган ҳужжат лойиҳаси ҳам тайёрланган. Бундан ташқари, экологик тоза технологияларга ўтаётган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ва солиқ имтиёзлари пакетини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган иссиқхоналарнинг пойтахт минтақасида фаолият юритишига нисбатан тақиқ сақланиб қолади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда амалдаги мораторий талабларига риоя этган ҳолда иссиқхона хўжаликлари устидан доимий экологик мониторинг олиб боради.
Таклиф этилаётган чораларнинг асосий мақсади — тадбиркорлик фаолиятини экологик талаблар асосида давом эттириш имконини яратиш билан бирга, пойтахт ҳавосининг ифлосланишини камайтириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА