Испанияда муддатидан илгари сайлов эълон қилинди
Испания Бош вазири Педро Санчес парламент томонидан уй-жой инқирозига қарши таклиф қилинган икки муҳим декрет рад этилгач, 29 ноябрга муддатидан илгари парламент сайловини белгилади.
Овоз бериш жараёнида узоқ давом этган музокарага қарамай, ҳукумат лойиҳалари етарли овоз йиға олмади. Санчес эса дам олиш кунлари ўз партияси вакиллари ҳамда вазирлар билан муҳокама ўтказиб, уй-жой муаммосидан сиёсий манфаат йўлида фойдаланишга уринмоқда.
Муддатидан олдинги сайлов қарори ҳукумат коалицияси учун жуда оғир даврга тўғри келди. Июль ойи охирида Марокаш билан чегарадош Сеута анклавига ўн минглаб мигрант ёпирилиб кириши йирик миграция инқирозини келтириб чиқарди. Оқибатда ҳукумат мамлакат тарихида илк бор “миллий хавфсизлик манфаати ҳолати”ни эълон қилиш ва қўшимча кучларни сафарбар этишга мажбур бўлди. Мухолиф “Халқ партияси” ва ўнг қанот “Vox” вакиллари ҳукуматни сусткашлик ва нотўғри сиёсат юритишда айблаган бўлса-да, Санчес хавфсизлик кучлари ҳатти-ҳаракатини ҳимоя қилди.
Бундан ташқари Социалистик партияга яқин шахслар билан боғлиқ коррупция жанжали ҳам ҳукуматга нисбатан босимни кучайтирди. Парламентдаги заиф кўпчилик сабабли ҳар бир қонун лойиҳасини шериклар билан овозма-овоз савдолашиб ўтказишга мажбур бўлаётган Санчес маҳкамаси кетма-кет мағлубиятга учраб, охир-оқибат муддатидан илгари сайлов тайинлашдан бошқа чора тополмади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА