Россия вазири Афғонистондаги бошқарув тизимини юқори баҳолади
Москвада Афғонистон бўйича маслаҳатлашувнинг саккизинчи йиғилиши очилишида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистон ҳукумати мамлакат ҳудудини тўлиқ назоратга олгани ва муваффақиятли бошқараётганини таъкидлади. Мулозим қайд этишича, Кобулдаги хавфсизлик кучлари турли террор гуруҳларга қарши “аёвсиз” кураш олиб бормоқда.
Натижада юзлаб жангари йўқ қилиниб, чет эл фуқаролари ва дипломатик миссияларга қарши режалаштирилган қатор йирик террор хуружларининг олди олинган. Шу боис Россия Кобулга моддий-техник, экспертлик ва махсус хизмат орқали кўмак бериб, мамлакатнинг аксил террор салоҳиятини янада ошириш зарур, деб ҳисоблайди.
Ғарб давлатлари инсон ҳуқуқи билан боғлиқ ҳолатни баҳона қилиб, Афғонистонни халқаро молия тизимидан узиб, миллий банк активини музлатиб қўйганига қарамай, ушбу давлат иқтисодиёти ривожланишда давом этяпти. Лавровнинг сўзларига кўра, мамлакатда солиқ тизимида ва коррупцияга қарши ислоҳот ўтказилиб, саноат жонлантирилди, 170 га яқин янги ишлаб чиқариш корхонаси очилди, электр энергетикасини ривожлантириш бўйича беш йиллик режа ишлаб чиқилди. Шунингдек, 100 дан зиёд давлат билан ташқи савдо миқдори ўтган йил 14 миллиард долларга етди, мамлакат ТАПИ – Туркманистон, Афғонистон, Покистон Ҳиндистон газ қувури каби йирик минтақавий лойиҳаларга содиқлигини тасдиқлади.
Москва Афғонистон ва қўшни давлатлар ҳудудида НАТО ҳарбий инфратузилмаси жойлаштирилишини мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, деб ҳисоблайди. Лавров тарихий тажриба бундай ҳарбий иштирок фақат беқарорлик ва можаро кучайишига олиб келишини алоҳида уқтирди. Шу билан бирга Россия Афғонистонга мунтазам инсонпарварлик ёрдами кўрсатишда давом этиши, навбатдаги ёрдам тўплами яқин бир-икки ой ичида манзилга етказилишига урғу берди.
Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этаётган ушбу тадбир олдидан Лавров Афғонистон ТИВ раҳбари Амир Хон Муттақий билан ёпиқ эшик ортида учрашув ҳам ўтказди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА