Ислоҳотлар инсон қадрини юксалтирмоқда
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларга имкониятлар яратиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик инсон қадрини улуғлаш тамойилининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Ражабов томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда 70 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб, ўзларини қийнаётган муаммолар, таклиф ва ташаббусларини билдирди.

Тадбир давомида мамлакатимизда ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, ёшларни бир ойлик ҳарбий хизматга жалб қилиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқув курсларига йўналтириш, меҳнат менторлари орқали касб-ҳунарга ўргатиш каби масалалар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, олий таълим муассасаларига контракт асосида қабул қилинган ёшларнинг тўловларини қоплаб бериш, уларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояга оид бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида ҳар бир ёшнинг мурожаати алоҳида тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири