Буюк миллий ўзанга қайтиш ёшараётган илмий муҳитга янги куч ва фикр, ўзгача нафас кириб келмоқда
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Шавкат АЮПОВ билан “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим ДОНИЁРОВ суҳбати
— Кейинги йилларда юртимизда илм-фанга, олимларимиз тадқиқотларига жуда катта эътибор қаратилаётир. Илмий салоҳиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги авлод тадқиқотчиларини рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Шу билан бирга, халқ ибораси билан айтганда, фанимиз “ёшариб”, унинг сафига янги куч, янги фикр ва янги нафас кириб келмоқда. Суҳбатимизни айнан шу йўналишдаги ўзгаришлар таҳлилидан бошласак.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TaB8RJYL2wU" title="“Xalq bilimli bo‘lsa, uni aldab bo‘lmaydi”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>— Дарҳақиқат, сўнгги ўн йилда олимлар ҳаётида, умуман, миллий илм-фанимиз тақдирида чуқур ва тизимли ўзгаришлар юз берди. Жамият тараққиёти илмга муносабат билан чамбарчас боғлиқ. Агар илм эъзозланса, тараққиёт мустаҳкам бўлади, агар эътибор сусайса, ривожланиш суръати секинлашади.
Тахминан 2000-йилларга келиб, Фанлар академиясига ва умумий илм-фан соҳасига эътибор муайян маънода сусайганини кўрамиз. Мазкур жараённинг энг асосий кўрсаткичларидан бири молиялаштириш тизимидаги ўзгаришлар эди. 2000 йилга қадар Фанлар академиясига қарашли институтлар ва олимлар тўғридан тўғри давлат бюджети ҳисобидан таъминланарди.
Бироқ кейинчалик янги тизим жорий қилиниб, молиялаштириш лойиҳалар асосига ўтказилди. Яъни илмий жамоа инновация грантларини ютиб олсагина, молиявий таъминотга эга бўларди. Бу, бир қарашда, рақобат муҳитини яратишга хизмат қилгандек туюлса-да, амалда қатор мураккаб муаммоларни ҳам келтириб чиқарди.
Масалан, бир институтда ўнга яқин лаборатория ва шунча илмий мактаб мавжуд бўлса, уларнинг тақдири лойиҳа ютиш ёки ютмасликка боғлиқ бўлиб қолди. Лойиҳа ютиб олганлар молиялаштирилди, юта олмаганлар эса қийин аҳволга тушди.
Натижада кўплаб илмий муассасаларда қисқартиришлар бошланди. Чунки лойиҳа танловларида муайян даражада субъектив омиллар мавжуд эди. Кимдир ташаббускорлик ва ташкилотчилик қобилияти билан кўпроқ грант юта олди, кимдир эса соф илм билан шуғулланиб, бу жараёнда четда қолиб кетди. Шулар таъсирида айрим институтлар сезиларли даражада қисқарди. Илмий ходимлар сони ҳам кескин камайди: агар аввал Фанлар академияси тизимида 4-5 минг атрофида тадқиқотчи фаолият юритган бўлса, бу рақам кейинчалик қарийб икки баробар камайди.
Қисқартиришдан эса табиий равишда аввал ёшлар жабр кўрди. Чунки катта илмий даражага эга мутахассислар сақлаб қолинар, илмий йўлини энди бошлаган ёшлар эса тизимдан четлаштириларди. Бу фаннинг “қариши”га, яъни ёшлар улуши кескин камайишига олиб келди. Вақт ўтиши билан Фанлар академияси кўпроқ ёши улуғ олимлар жамланган муассасага айланиб қолди.
Агар 1995 йилда академия аъзолигига сайлов бўлиб ўтган бўлса, кейинги сайлов фақат 2017 йилга келибгина ўтказилди. Яъни қарийб йигирма икки йил давомида жараён тўхтаб қолди.
— Узоқ йиллар давомида академиклар сайловлари ўтказилмагани, улар сони қисқариб боргани илмий салоҳиятнинг юзага чиқишига қандай таъсир кўрсатди?
— Албатта, илм-фан тараққиётида ёшларнинг ўрни беқиёс. Чунки инсон ёши улғайган сари тажриба орттиради, аммо ҳар ким ҳам етмиш ёшдан кейин фаол илмий изланиш қилиши осон эмас. Катта авлод вакиллари раҳбарлик қилиши, йўл-йўриқ кўрсатиши, илмий мактаб яратиши мумкин, лекин янги ғоя ва қарашлар кўпинча ёшлар қалбида пайдо бўлади.
Шу боис, ҳар қандай илмий муҳитда авлодлар уйғунлиги зарур. Илмий раҳбарим, академик Саримсоқов бундай деган эди: “Агар илмий жамоада фақат қариялар бўлса, бу — трагедия, фақат ёшлар бўлса, бу — комедия, агар барча авлод вакиллари жам бўлса, бу симфониядир”. Бу жуда чуқур фалсафий фикр. Чунки илм бир вақтнинг ўзида тажриба ва шижоат, сабр ва изланиш, анъана ва янгилик уйғунлигидир.
2012 йилда Математика институти директори эдим. Институтимиз Фанлар академияси таркибидан чиқарилиб, Миллий университет тасарруфига ўтказилган эди. Афсуски, бу жараёнда қатор йирик илмий муассасалар — Ядро физикаси, Физика-техника каби институтлар ҳам жиддий ўзгаришларга учради.
Бу муассасалар нафақат илмий мактаб, балки ноёб техник салоҳиятга ҳам эга эди. Масалан, лазер қурилмалари, ядро реактори каби қимматбаҳо ва стратегик аҳамиятга эга ускуналар мавжуд бўлган. Афсуски, айрим жиҳозлар чет давлатларга берилди, реактор эса бошқа тизимга ўтказилди. Ваҳоланки, бу объектлар ҳар бир давлатда ҳам учрамайдиган ноёб илмий инфратузилма эди. Бир вақтлар Марказий Осиёда ягона бўлган ядро реактори айнан юртимизда жойлашгани ҳам бежиз эмасди. Бу, ўз навбатида, ўзбек физика мактабининг юксак салоҳиятидан далолат берарди.
Яна бир мисол — Паркентда барпо этилган катта қуёш печи. Бу иншоот дунёда атиги икки давлатда — Ўзбекистон ва Францияда мавжуд, илмий-технологик жиҳатдан ниҳоятда муҳим объект. Афсуски, муайян вақтларда бу каби ноёб имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмади.
2017 йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари қабул қилиниб, соҳада туб бурилиш ясалди. Илмий институтлар қайта тикланди, уларнинг мақоми ва вазифалари қайта белгиланди. Математика институти ҳам яна Фанлар академияси таркибига қайтарилиб, ўзининг тарихий номи ва мақомига эга бўлди. Бу, шубҳасиз, илм-фанга бўлган муносабатдаги туб бурилиш эди.
Албатта, инфратузилмани тиклаш биринчи қадам, энг катта муаммо эса кадрлар билан боғлиқ эди. Чунки ўтган йиллар давомида кўплаб иқтидорли олимлар чет элларга кетиб қолган, айримлари эса бошқа соҳаларга ўтиб кетганди.
— 2016 йил декабрь ойида Президентимизнинг академиклар ва олимлар билан учрашуви жамиятда катта акс садо берди. Айниқса, бу илмий жамоатчилик узоқ кутган воқеа бўлди. Кейинчалик кўплаб муҳим ҳужжатлар, жумладан, яқинда Ўзбекистон Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарор қабул қилинди. Мазкур ҳужжат доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Ҳа, бу ҳақиқатан ҳам ниҳоятда муҳим ва тарихий аҳамиятга эга қарор бўлди. Қарор, аввало, Фанлар академиясининг жамиятдаги ўрни ва ролини қайта белгилаб берди. Илм- фан фақат назарий изланишлар билан чекланиб қолмасдан, унга мамлакат тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида қаралди. Қарор доирасида ўнга яқин устувор йўналиш белгилаб олинди. Жумладан, замонавий био ва нанотехнологиялар, сунъий интеллект ва квант технологиялари ядровий фан ва радиацион технологиялар, рақамли табиат ва тоза сув, қайта тикланувчи энергетика, маънавий мерос каби стратегик соҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса илмий изланишларнинг замон талаблари билан уйғунлашувини таъминлашга хизмат қилди.
Энг муҳим янгиликлардан бири — илм- фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтиришга қаратилган механизмлар ишлаб чиқилганидир. Чунки амалиёт кўрсатдики, олимлар томонидан яратилган кўплаб ихтиро ва таклифлар саноатгача етиб бормай қолар, ишлаб чиқарувчилар эса ўз муаммоларига ечимни чет элдан излашга мажбур бўларди. Бу эса миллий илмий салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганини англатарди.
Шу боис, қарорда фан ва саноат ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган махсус кенгаш тузиш назарда тутилди. Ушбу кенгаш Президент Администрацияси ҳузурида фаолият юритиб, таркибига етакчи олимлар ва саноат вакиллари киритилди. Энди олимлар ўз ишланмаларини бевосита ишлаб чиқарувчиларга тақдим этади, саноат эса ўз муаммоларини очиқ баён қилади. Агар ўзаро манфаатли келишувга эришилса, лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат томонидан грантлар ажратилади. Чунки ҳар қандай ихтирони амалиётга жорий этиш учун муайян вақт ва қўшимча тадқиқотлар талаб этилади.
Аслида, бундай тизим илгари ҳам мавжуд эди. Собиқ иттифоқ даврида ҳар бир йирик ишлаб чиқариш тармоғининг ўз илмий-тадқиқот институти бўлиб, у илм ва саноатни боғлаб турувчи асосий бўғин вазифасини бажарарди. Кейинчалик бу тизим йўқолиб кетди. Натижада бугунги кунда олимлар саноатда қандай муаммолар борлигини тўлиқ билмайди, ишлаб чиқарувчилар эса илмий ечимни қаердан топишни англаб етмайди. Қарорда айнан шу масалага алоҳида урғу берилгани бежиз эмас.
Ҳужжатда яна бир муҳим кўрсаткич белгилаб қўйилди: Фанлар академияси илмий ходимларининг камида 60 фоизини ёшлар ташкил этиши лозим. Ушбу мақсадга эришиш учун академияга беш йил давомида ҳар йили қўшимча 140-150 та штат бирлиги ажратиш белгиланди. Бу, ўз навбатида, ёш кадрларни жалб қилиш ва илмий муҳитни янгилашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, қарорда олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи ҳам илгари сурилди. Чунки фан ва таълим бир-бирини тўлдирувчи тизимлардир. Фанни гўзал кўл деб тасаввур қилсак, олий таълим уни тўйинтирувчи дарёлардир. Агар бу дарёлар қуриса, кўл ҳам саёзлашади. Демак, улар ўртасида узвий ва доимий алоқа бўлиши шарт.
Яна бир муҳим йўналиш — хорижда фаолият юритаётган ватандош олимларни юртимизга жалб қилиш масаласи. Илгари, афсуски, чет элга кетган олимларга нисбатан муайян даражада салбий муносабат мавжуд эди. Ҳатто айрим ҳолларда уларнинг қайтиши ҳам мураккаблаштирилган. Масалан, шогирдларимдан айримлари АҚШга кетганидан сўнг қайтиб келишгa иккиланиб юрарди.
Бошқа давлатлар тажрибасига назар ташласак, масалан, Хитой бундай вазиятда мутлақо бошқача йўл тутган. Улар оммавий равишда ёшларни хорижга таълим олиш учун юборган ва уларнинг қайтиши ёки қолишига қаттиқ чеклов қўймаган. Натижада бугун дунёнинг етакчи университетларида фаолият юритаётган олимларнинг катта қисми хитойликлардан иборат.
Шу нуқтаи назардан, биз ҳам чет элда билим олаётган ёшларимизни қўллаб-қувватлашимиз, улар билан алоқани мустаҳкамлашимиз ва миллий тараққиётга жалб этишимиз зарур. Чунки ҳақиқий бойлик табиий ресурслар эмас, балки инсон капитали, яъни билимли, тафаккурли ва ташаббускор авлоддир.
— Илмий салоҳият масаласига ҳам тўхталиб ўтсангиз. Айтайлик, ўн йиллар аввал айрим тадқиқотларда Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти анча суст бўлиб қолган эди. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин? Шунингдек, илмий тадқиқотларнинг ҳаётийлиги, долзарблиги ва амалий аҳамияти нуқтаи назаридан фундаментал ва амалий фанлар ўртасидаги мураккаб боғлиқликлар ҳақида фикр билдирсангиз.
— Бу жуда ўринли ва муҳим савол. Илм- фан табиатан икки йўналишга — фундаментал ва амалий соҳаларга ажратилади. Улар ўртасида аниқ чегара йўқ, балки бир-бирини тўлдириб борадиган, ўзаро боғлиқ тизим сифатида намоён бўлади. Фундаментал фан ҳақиқатни излаш, табиат ва коинот қонунларини англашга қаратилган чуқур тафаккур маҳсули бўлса, амалий фан шу билимларни ҳаётга татбиқ этиш воситасидир.
Кўпинча жамият тез натижа берувчи тадқиқотларга кўпроқ эътибор қаратади. Бу табиий, чунки иқтисодиёт ва саноатга тезкор ечимлар зарур. Бироқ фундаментал фаннинг қиммати шундаки, унинг самараси дарҳол кўринмаслиги мумкин, аммо вақт ўтиши билан у бутун цивилизация тараққиётига таъсир кўрсатади.
Мен буни кўпинча математика мисолида тушунтираман. Масалан, математикада Евклид геометрияси мавжуд. Унга кўра, бир тўғри чизиқдан ташқарида жойлашган нуқта орқали фақат ягона параллел (яъни берилган чизиқ билан кесишмайдиган) чизиқ ўтказиш мумкин. Асрлар давомида олимлар бу қоидани исботлашга уринган, аммо натижага эриша олмаган.
XIX асрда эса Николай Лобачевский мазкур қарашни қайта кўриб чиқиб, “Бу исботланадиган теорема эмас, балки аксиома бўлиши керак”, деган хулосага келди ва ноевклид геометриясини яратди. Унда бир нуқта орқали чексиз кўп параллел чизиқлар ўтказиш мумкин. Кейинчалик Бернхард Риман яна бир янги геометрияни таклиф қилди — унда эса умуман параллел чизиқлар мавжуд эмас.
Бу назариялар яратилган пайтда уларнинг амалий аҳамияти тушунарсиз бўлган, ҳатто баъзилар томонидан “кераксиз” деб баҳоланган. Аммо вақт ўтиши билан бу ғоялар бутун фан ва технология ривожига замин яратди. Масалан, Риман геометрияси Альберт Эйнштейн томонидан яратилган нисбийлик назариясида қўлланилди. Лобачевский геометрияси эса бугунги кунда сунъий йўлдошлар орқали жойлашувни аниқлаш — GPS технологияларида муҳим аҳамият касб этади.
Мисоллардан кўриниб турибдики, фундаментал фан кўпинча ўз самарасини ўнлаб, ҳатто юзлаб йиллардан кейин беради. Шунинг учун ҳар қандай илмий ғояни “ҳозирча фойдаси йўқ” деб четга суриш келажак имкониятларидан воз кечиш билан баробар.
Илмий салоҳият масаласига келсак, бу фақат рақамлар билан ўлчанадиган кўрсаткич эмас. У жамиятнинг билим даражаси, илмий муҳит сифати, кадрлар тайёрлаш тизими ва инновацион фикрлаш қобилиятининг уйғунлигидир. Агар мамлакатда илмий салоҳият юқори бўлса, инвесторлар учун ҳам муҳим сигнал бўлади. Чунки ҳар қандай инвестор янги технология олиб киришдан олдин бундай савол қўяди: “Бу ердаги мутахассислар янги технологияни тушуна оладими?”. Агар жавоб ижобий бўлса, у энг замонавий ускуналарни олиб келади. Акс ҳолда, эски, самарадорлиги паст технологиялар билан чекланиши мумкин.
Шу маънода, илм-фан нафақат маънавий, балки иқтисодий куч ҳамдир. Билимли жамиятни алдаш қийин, чунки у ҳар бир қарорни таҳлил қилади, ҳар бир технологияни англайди ва танлай олади. Илмий салоҳияти юқори мамлакат эса доимо рақобатбардош бўлади.
— Ёш олимлар ва умуман, соҳага кириб келаётган ёшлар ҳақида тўхталдингиз. Бугунги кунда уларнинг салоҳиятини юксалтириш, илмга жалб этиш учун қандай имкониятлар мавжуд?
— Бу жуда долзарб савол. Чунки ҳақиқат шундаки, фан ёшларсиз ривожлана олмайди. Илм доимий янгиланиш, янги қараш ва янги тафаккур демакдир. Бу эса, аввало, ёшлар орқали намоён бўлади. Шунинг учун энг биринчи вазифа ёшларда илмга қизиқишни шакллантиришдир.
Сўнгги ўн йилликда жамиятимизда муҳим бир ўзгаришни кузатяпмиз: ота-оналар фарзандларини илмли қилишга, уларни замонавий фикрлайдиган инсон этиб тарбиялашга жиддий эътибор қарата бошлади. Бунинг асосий сабабларидан бири давлатимиз раҳбари томонидан илм-фанга берилаётган юксак эътибордир. Чунки жамиятда қайси соҳа қадрланса, ёшлар айнан шу йўналишга интилади.
Ёшларни рағбатлантиришда олимпиадалар тизими ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Президентимиз ташаббуси билан халқаро фан олимпиадалари ғолибларига жуда катта мукофотлар берилаётгани тарихий янгилик десак, муболаға бўлмайди. Масалан, олтин, кумуш ва бронза медаль соҳибларига катта миқдорда пул мукофоти, уларнинг устозларига ҳам муносиб рағбат берилаётгани ёшларда ишонч ва интилишни кучайтирмоқда. Бир жиҳатдан қараганда, бу меҳнат ва истеъдод қадрланаётганининг ёрқин намунасидир.
Шу билан бирга, олий таълим қамрови кенгайгани ҳам муҳим омил бўлди. Бугунги кунда ёшларнинг олий таълимга кириш имкониятлари анча ошди, янги университетлар, хорижий олийгоҳлар филиаллари очилди. Бу эса билим олиш йўлларини кенгайтирди ва рақобат муҳитини шакллантирди.
Бироқ ҳар қандай жараёнда бўлгани каби бу ерда ҳам масаланинг иккинчи томони мавжуд. Айрим ҳолларда таълим тизимида тижоратлашув аломатлари кузатилмоқда. Яъни баъзи олийгоҳлар билим беришдан кўра, кўпроқ талабани жалб қилиш ва молиявий манфаатни устувор қўяётгани сир эмас. Айниқса, иқтисодиёт, чет тиллар, ҳуқуқ каби оммабоп йўналишларда бу ҳолат кўпроқ учрайди.
Масофавий таълим шаклларининг кескин кўпайиши ўзига хос саволларни келтириб чиқармоқда. Албатта, бу замон талаби, муайян маънода қулайлик яратади. Аммо таълим сифати масаласи доимо устувор бўлиб қолиши керак. Чунки вақт ўтиб, талаба меҳнат бозорига чиққанда унинг ҳақиқий билими намоён бўлади. Ҳаёт — энг адолатли мезон.
Кадрлар масаласи ҳам муҳим жиҳатлардан бири. Айрим нодавлат олийгоҳлар юқори маош таклиф қилиб, давлат университетларидаги малакали ўқитувчиларни жалб қилмоқда. Бу, табиийки, рақобатни кучайтиради, аммо айрим давлат олийгоҳларида илмий-педагогик салоҳият пасайишига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, янги таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг билим даражаси ҳар доим ҳам юқори эмаслиги кузатилади. Бу эса таълим сифатига жиддий эътибор қаратишни талаб этади.
Менимча, мазкур муаммоларни ҳал этиш учун аниқ механизмлар жорий этиш зарур. Масалан, таълим муассасаларига лицензия ёки сертификат беришда уларнинг фаолиятини муайян муддатдан кейин қайта баҳолаш амалиётини жорий этиш мумкин. Талабалар билимини мустақил синовлар орқали текшириш, натижаларга қараб тегишли хулосалар чиқариш лозим. Чунки энг катта йўқотиш ёшларнинг умри ва ишончидир.
— Олимларнинг виждони ҳақида тўхталдик. Умуман, ҳақиқий олим қандай фазилатлари билан ажралиб туриши керак? Унинг илмий ва инсоний сифатлари ҳақида нима дейсиз?
— Бу жуда нозик ва муҳим масала. Чунки олим фақат билим эгаси эмас, балки жамият учун маънавий намуна ҳамдир. Илм нафақат ақл маҳсули, у инсоннинг ички дунёси, виждони ва масъулияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Олимлар турлича бўлади. Айримлари илмий жиҳатдан жуда кучли, катта натижаларга эришади, аммо атрофида шогирдлар шаклланмайди.
Яна шундай олимлар борки, улар ўз билим ва тажрибасини шогирдларига сидқидилдан ўргатади, уларни илмий изланишга чорлайди. Айнан шундай устозлар атрофида илмий мактаб шаклланади. Илмда яккаҳокимлик эмас, балки жамоа бўлиб ишлаш самарали. Чунки фикрлар тўқнашуви, баҳс-мунозара ва ҳамкорлик орқали ҳақиқатга яқинлашилади. Шогирд эса нафақат ўрганувчи, балки кўп ҳолларда устозига ҳамфикр, елкадош бўлади.
Олимнинг қандай бўлиши кўп жиҳатдан унинг соҳасига ҳам боғлиқ, албатта. Лекин барча соҳалар учун умумий бир ҳақиқат бор: олим, аввало, ўз фанининг фанати бўлиши керак. Яъни у илмни касб эмас, балки ҳаёт мазмуни сифатида қабул қилиши лозим. Илмга муҳаббат бўлмаса, катта натижаларга эришиш қийин.
Шу билан бирга, олимда инсоний фазилатлар — камтарлик, ҳалоллик, сабр-тоқат ва ҳақиқатга садоқат бўлиши шарт. Чунки илм ёлғонни қабул қилмайди. Бирор натижани сунъий равишда кўрсатиш ёки сохталаштириш мумкин, аммо вақт ўтиб, ҳақиқат барибир юзага чиқади.
Яна бир муҳим жиҳат — шогирд масаласи. Олимнинг ортидан унинг илмий меросини давом эттирадиган авлод қолиши керак. Агар олим ўзидан кейин мактаб қолдирмаса, унинг фаолияти муайян маънода узилиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳақиқий олим нафақат кашфиёт қилади, балки инсонни тарбиялайди.
— Ҳозиргача илм-фан ҳақида гапирганимизда, асосан, марказий тизимга урғу бердик. Ҳудудларда илм-фан ривожи қандай кечмоқда? Айниқса, вилоятлар ва ҳатто туманларда университетлар очилаётгани қандай самара бериши мумкин?
— Бу жуда муҳим масала. Чунки илм-фан фақат пойтахт доирасида қолиб кетмаслиги, бутун мамлакат бўйлаб барқарор ривожланиши керак. Сўнгги йилларда айнан шу йўналишда салмоқли ишлар қилинди. Хусусан, Фанлар академиясининг қатор филиаллари вилоятларда ташкил этилди ва улар маҳаллий университетлар билан узвий боғланди.
Бунинг асосий мақсади — ҳудудлардаги интеллектуал салоҳиятни юзага чиқариш. Чунки ҳар бир вилоятда иқтидорли ёшлар, малакали ўқитувчилар бор. Уларга фақат имконият ва илмий муҳит керак. Шу нуқтаи назардан, вилоятлардаги тажрибали педагоглар хоҳишига қараб, академия тизимига тўлиқ ёки ўриндошлик асосида жалб қилинмоқда. Натижада бугун вилоятлардан ҳам кучли фан докторлари ва илмий кадрлар етишиб чиқмоқда.
Ҳудудий ихтисослашув ҳам муҳим жиҳатлардан бири. Масалан, академиянинг айрим филиалларини муайян йўналишларга ихтисослаштириш режалаштирилган. Жумладан, Термизда археология, Наманганда ботаника, Самарқандда физикага алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳар бир ҳудуднинг табиий ва илмий имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Натижада шу соҳаларга қизиққан иқтидорли ёшлар айнан ўша манзилларда жамланиб, илмий мактаблар шаклланади.
— Кейинги йилларда олимларимиз аждодларимиз илмий меросини ўрганиш асносида халқаро майдонда ҳам замонавий ютуқлар билан ўз ўрнини топмоқда. Бу борада қандай ишлар амалга оширилди ва яна қандай натижалар кутиш мумкин?
— Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон олимлари халқаро миқёсда тан олинган. Қатор нуфузли илмий тузилмалар, жумладан, Жаҳон фанлар академияси каби ташкилотларга ватандошларимиз аъзо бўлиб, фаолият юритмоқда. Бу ҳам миллий илм-фан салоҳиятининг халқаро эътирофидир.
Шунингдек, хорижлик олимлар билан ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Қўшма тадқиқотлар, илмий конференция ва учрашувлар орқали тажриба алмашинуви кучаймоқда. Бу жараён нафақат янги билимлар олиш, балки миллий илм мактабларини дунёга танитиш имконини ҳам беради.
Гуманитар фанлар соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти мисолида тарихчилар, шарқшунослар, матншунослар ва бошқа мутахассислар аждодларимиз қолдирган бой илмий меросни ўрганиш ва тарғиб этишда самарали меҳнат қилмоқда. Бу эса миллий ўзликни англаш ва маънавий меросни тиклашда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, бугунги кунда илм- фан соҳасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, бу жараён узлуксиз давом этиши керак. Чунки илм бир кунлик эмас, балки авлодлар меҳнати билан яратиладиган буюк қадриятдир.
— Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!