Ишончни мустаҳкамлаган мулоқот
Тадбиркор учун давлат раҳбари билан очиқ мулоқот оддий йиғилиш эмас. Бу - биз ҳар куни дуч келадиган муаммоларни тўғридан-тўғри айтиш, уларга муносабат билдирилишини эшитиш ва, энг муҳими, эртанги иш фаолиятимиз учун қандай муҳит яратилаётганини англаш имкониятидир.
18 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан олтинчи очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда қарийб 500 нафар тадбиркор бевосита, яна 25 мингга яқин бизнес вакили ҳудудлардаги студиялар орқали иштирок этди. Бу рақамларнинг ўзиёқ тадбиркорлик масаласи энди тор доирадаги иқтисодий мавзу эмас, балки бутун жамият тараққиётига дахлдор масалага айланганини кўрсатади.

Тадбиркор сифатида бу йилги мулоқотнинг энг муҳим жиҳатини битта тушунча билан ифодалаган бўлардим: ишончни янада мустаҳкамлаш.
Чунки сўнгги йилларда тадбиркорлик муҳитида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Илк очиқ мулоқот 2021 йилда ўтказилганида давлат ва бизнес ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотнинг ўзи катта янгилик эди. Бугун эса бу мулоқот анъанага айланиб, тадбиркорларнинг таклифлари қонунчилик ва амалий қарорларга айланиб бормоқда. Илк мулоқотдан буён мингга яқин тадбиркорлик ташаббуси қонунчиликка киритилгани шундан далолат беради.
Бу муҳим натижа. Аммо тадбиркор учун ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий баҳоси битта савол билан ўлчанади: у менинг даромадимни қанчалик кўпайтиради, ишлашимни қанчалик енгиллаштиради?
2026 йилги мулоқотда айнан шу саволга жавоб берадиган бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Аввало, назорат ва текширувлар масаласига жиддий эътибор қаратилгани қувонарли. Кичик бизнесда инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текшириш учун уч йил муддатга мораторий эълон қилиниши тадбиркорлик муҳити учун муҳим қадам. Чунки бизнесни ривожлантириш учун маблағ ва бозор билан бир қаторда барқарорлик ҳам керак. Тадбиркор эртага қайси текширув, қайси талаб ёки қайси маъмурий тўсиққа дуч келишини билмаса, узоқ муддатли режа тузиши қийин.
Ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркорлар учун электр ва газ масаласи эса жуда амалий аҳамиятга эга. Тўлов интизомини бузмаган, тегишли ҳисобга олиш тизимларига уланган корхоналар учун олдиндан тўловни 100 фоиздан 15 фоизга тушириш айланма маблағларнинг “музлаб қолиши”ни камайтириши мумкин. Бу қоғоздаги имтиёз эмас, корхонанинг ҳар кунги молиявий айланмасига бевосита таъсир қиладиган қарор.
Умуман, жорий йилги мулоқотнинг ўзига хос жиҳати тадбиркорликнинг янги босқичи ҳақида гап кетганида бўлди, дейиш мумкин. Яъни биз энди “бизнесни бошлаш” босқичидан “капитални кўпайтириш” босқичига ўтяпмиз. Чунки илгари фақат тирикчилик ёки кун кўриш учун кичик дўкон ёки цех очиш ҳақида ўйлаган бўлсак, бугунги кунга келиб катта инвестициялар киритиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ташқи бозорда муносиб ўрин эгаллаш ҳақида ўйлаяпмиз.
Шу маънода Хоразмдаги учрашувда шахсан мени жуда қувонтирган яна бир жиҳат замонавий технологиялар ва сунъий интеллект масаласи бўлди. Ҳар бир соҳа жадал ривожланиб бораётган бир даврда биз ҳам замондан орқада қолмаслигимиз керак. Давлатимиз раҳбари “10 минг корхона учун – сунъий интеллект ҳамкор” деб номланган янги дастур бошланишини эълон қилди. Унга кўра, сунъий интеллект жорий қилиш харажатининг 50 фоизи компенсация тарзида тўлаб берилади. Янги маҳсулот учун модел яратишда суперкомпьютердан бепул фойдаланиш имконияти яратилади. Бу ўз корхонасини модернизация қилмоқчи бўлган, лекин маблағ ёки тажриба жиҳатидан иккиланиб турган тадбиркорлар учун жуда катта туртки бўлди.
Экспортчилар учун “Экспорт навигатор” тизими, хорижий бренд мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш, маркетплейслар ва халқаро тендерларда иштирок этишни қўллаб-қувватлаш каби чоралар ҳам эътиборга лойиқ. Чунки бугунги тадбиркор учун ички бозорнинг ўзи етарли эмас. Биз нафақат маҳсулот ишлаб чиқаришни, балки уни дунё бозорида сотишни ҳам ўрганишимиз керак.
Шунингдек, тадбиркорларнинг фаолиятига халақит бераётган яна бир оғриқли нуқтага барҳам берилаётгани барчамизни қувонтирди. Менимча, 2026 йилги мулоқотнинг энг катта аҳамияти ҳам шунда. Давлат тадбиркорга “сенга имконият яратаман” демоқда. Энди тадбиркорнинг вазифаси — бу имкониятдан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни ошириш ва солиқларни виждонан тўлаш.
Бугун бизда ишонч бор. Энди бу ишончни натижага айлантириш давлат билан бир қаторда тадбиркорларнинг ҳам масъулияти. 2026 йилги мулоқотдан кейинги энг катта вазифа эса аниқ: яратилган имкониятларни реал ишлаб чиқариш, янги бозорлар, янги иш ўринлари ва янги қийматга айлантириш. Шундагина “тадбиркорликни янги босқичга олиб чиқиш” деган мақсад қоғоздаги шиор эмас, ҳар бир оила ва ҳар бир ҳудуд ҳаётида сезиладиган иқтисодий натижага айланади.
Шавкат ШАРИПОВ,
Самарқанд шаҳридаги “Шарқ-саноат” концерни таъсисчиси,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
ЎзА