Хитойлик сармоядорлар жанубда суюлтирилган газ ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда
“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида “Ўзбекистон (Сурхондарё) – Хитой инвестиция форуми” якунланган бўлса-да, хитойлик сармоядорларнинг воҳа билан танишуви ва расмий учрашувлари давом этмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Хитойнинг “United Energy Group” компанияси делегациясини қабул қилиб, яна бир йирик лойиҳани амалга ошириш масалаларини муҳокама этди.
Учрашувда хориж компаниясининг воҳада суюлтирилган газ ишлаб чиқариш, мавжуд углеводород ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиб, мазкур йўналишда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар вилоятнинг нефт-газ салоҳиятидан келиб чиқиб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини, лойиҳани амалга ошириш учун зарур инфратузилмани шакллантириш, инвестиция ҳажми ва технологик ечимларни аниқлаш, хомашё таъминоти ҳамда маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга чиқариш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.

Учрашув якунида лойиҳанинг техник-иқтисодий параметрларини чуқур ўрганиш, мавжуд имкониятларни баҳолаш ва ҳамкорликнинг кейинги босқичларини белгилаш бўйича тегишли келишувга эришилди.
Мутахассисларнинг фикрича, лойиҳанинг амалга оширилиши ер ости бойликларига сероб жанубдаги воҳанинг нефт-газ тармоғида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, инвестицияларни жалб этиб, янги иш ўринлари ташкил этиш ва ҳудуднинг саноат салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 14-16 август кунлари “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида бўлиб ўтган инвестиция форумида Хитойнинг 120 дан ортиқ компаниясидан 350 дан зиёд вакил иштирок этиб, қиймати 6 миллиард 253,5 миллион долларлик 63 та инвестиция келишуви тузган эди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири