Иш вақтидан ташқари иш нима?
Ҳуқуқий муносабат
Замонавий бизнес шароитида ишлаб чиқариш зарурияти ёки кутилмаган вазиятлар туфайли ходимларни расмий иш вақтидан ташқари меҳнатга жалб қилиш эҳтиёжи тез-тез юзага келади. Бироқ бу жараён иш берувчидан нафақат иқтисодий асосларни, балки Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси талабларига қатъий риоя этишни ҳам талаб қилади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
– Ходимнинг белгиланган иш вақти тугаганидан кейин иш берувчи томонидан ишга жалб этилиши иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади. Одатда, бундай ишга жалб қилиш ходимнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади.
Қуйидаги ҳолатларда ходимнинг розилигисиз ҳам иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш мумкин. Жумладан, табиий офатлар, авариялар ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этишда, сув, газ, электр, алоқа ва транспорт тизимларидаги носозликларни бартараф этишда ҳамда сменадаги ходим ишга келмай қолиб, иш жараёнини тўхтатиб бўлмайдиган ҳолатларда ходимни ишга жалб қилиш мумкин.
Аммо 12 соатлик сменада ишловчилар ҳамда ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитидаги ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб қилишга йўл қўйилмайди. Иш вақтидан ташқари бажарилган ишлар учун қўшимча ҳақ тўланади ёки компенсация берилади.
Асос: Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси.
Гулноза Бобоева, ЎзА