Иш берувчилар иштирокида очиқ мулоқот
Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳамда Иш берувчилар уюшмаси ҳамкорлигида иш берувчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбир давлат ижтимоий суғуртаси тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, иш берувчиларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эшитиш ҳамда соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланди.
Тадбирда Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси раиси Даврон Ваҳобов, соҳа мутасаддилари, давлат органлари ва хусусий секторнинг қарийб 300 нафар вакили иштирок этди.

Очиқ мулоқот давомида давлат ижтимоий суғуртаси тизимидаги муҳим ўзгаришлар, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби, шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини давлат томонидан молиялаштириш механизмининг амалиётга жорий этилиши юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини молиялаштиришнинг янги тартиби амалга киритилди. Унга кўра, ходимнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича дастлабки беш кунлик нафақаси иш берувчи томонидан, олтинчи кундан бошлаб эса Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. Мазкур тартиб асосида жорий йилнинг иккинчи ярмида қўшимча 800 минг нафар ходимни ушбу ижтимоий кафолат билан қамраб олиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини давлат томонидан молиялаштириш механизми ҳам жорий этилди. Ушбу янгилик хусусий секторда меҳнат қилаётган аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи ярмида хусусий секторда фаолият юритаётган 10 919 нафар аёлга жами 163,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилган.

Тадбирда мазкур ижтимоий кафолатлардан фойдаланиш тартиби ҳам тушунтирилди. Хусусан, хусусий сектор ходимлари давлат томонидан тақдим этилаётган ижтимоий хизматлар ва тўловлардан фойдаланиши учун «Baraka» мобиль иловаси орқали Ижтимоий картани расмийлаштириши лозимлиги таъкидланди.

Очиқ мулоқот иштирокчилари амалга оширилаётган ислоҳотлар меҳнат муносабатларида ижтимоий ҳимояни янада мустаҳкамлаш, иш берувчилар ва ходимлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда хусусий секторда ижтимоий кафолатлар қамровини кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА