Ирода, матонат ва ғалабага интилиш майдонида
Қашқадарё вилоятида ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида адаптив спорт турлари бўйича “Беш ташаббус паралимпиадаси”нинг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилиб, ўз ниҳоясига етди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддилари, вилоят спорт бошқармаси масъуллари, Миллий олимпия қўмитаси вилоят бўлими ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.


Мазкур мусобақалар ногиронлиги бўлган фуқароларни спортга кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда адаптив спорт турларини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.


Таъкидлаш жоизки, спорт инсонни нафақат жисмонан чиниқтиради, балки унинг иродаси, ишончи ва ҳаётга бўлган интилишини ҳам мустаҳкамлайди. Айниқса, имконияти чекланган инсонлар учун спорт ўз салоҳиятини намоён этиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш ҳамда янги ютуқлар сари интилишда муҳим майдон вазифасини ўтайди.


Мусобақа давомида иштирокчилар пара енгил атлетика, пара стол тенниси, бадминтон, армрестлинг, шахмат ҳамда адаптив спортнинг ўндан ортиқ йўналишлари бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда иштирокчиларнинг ғалабага бўлган интилиши, кучли иродаси ҳамда юксак тайёргарлиги намоён бўлди.

Беллашувлар якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Эътиборлиси, мусобақада ғолибликни қўлга киритган 26 нафар иштирокчи Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Бундай мусобақалар жамиятда инклюзив муҳитни мустаҳкамлаш, инсон қадрини юксалтириш ва ҳар бир фуқаронинг имкониятларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири