Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳисоботлари кўриб чиқилди
Яширин иқтисодиётнинг камайиши бюджет маблағлари шаклланиши ҳамда шаффофликни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Бу борада олиб борилаётган ишлар самарасида шу йилнинг тўққиз ойи давомида яширин иқтисодиёт улуши камайиб, расмий иқтисодиёт улуши 78,2 фоизга етган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “2026 йил январь-сентябрь ойлари якунларига кўра яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда нақдсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулотда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг (яширин ва норасмий иқтисодиёт биргаликда) улуши 21,8 фоизни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 фоиз бандга камайган. Натижада расмий иқтисодиёт улуши 78,2 фоизга етган. Норасмий иқтисодиёт улушининг қисқаришида юридик шахслар ҳиссасига тўғри келувчи яширин иқтисодиётнинг қисқариш тенденцияси кузатилмоқда.
Йиғилишда Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги фармони ижроси доирасида 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ёнилғи қуйиш шохобчалари, алкоголь ва тамаки савдоси, давлат хизматлари ҳамда йирик харидлар бўйича тўловларни тўлиқ электрон тизимга ўтказиш тартиби амалиётга татбиқ этилишига доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу тартибни жорий этишда маъмурий талаб билан чекланмай, ҳудудлардаги савдо ва АЁҚШ шохобчалари ҳамда автобозорларда зарур техник инфратузилма яратилаётгани иқтисодиёт тармоқларида тизимли сифат ўзгаришларига олиб келаётгани таъкидланди.
Йиғилишда, шунингдек, вазирликнинг “БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти ҳам эшитилди.
Қайд этилганидек, ушбу йўналишда Давлат бюджети харажатларини барқарор ривожланиш миллий мақсадлари (БРММ) асосида таснифлаш натижаларига кўра, жорий йилда соғлом турмуш тарзи, таълим, инфратузилма ҳамда шаҳар ва аҳоли пунктлари барқарорлигига оид мақсадларга йўналтирилган харажатлар 275,8 триллион сўмни ёки жами харажатларнинг 59,6 фоизини ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, жорий йилда ижобий экологик таъсирга эга харажатлар жами харажатларнинг 28,9 фоизини ташкил этаётгани айтиб ўтилди.
Яширин иқтисодиёт ва мақсадли кўрсаткичлар ижросига оид бу каби муҳокамалар бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА