Тадбиркорга солинган жаримани суд икки баравар камайтириши мумкинлиги қонунчиликка киритилади
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг 111-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Янги қонун билан иқтисодий судларга муҳим ваколат берилмоқда. Эндиликда судлар ташқи савдо операцияларида активларни қайтариш (репатриация қилиш)ни таъминламаган тадбиркорларга нисбатан жарима қўллашда енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиши мумкин бўлади.
Хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўрилган чораларни инобатга олиб, жарима миқдорини камайтириш ҳуқуқи берилмоқда.
Агар жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳеч бўлмаганда битта ҳолат мавжуд бўлса, суд белгиланган жаримани икки бараваргача камайтириши мумкин.

Сенаторлар ўз чиқишларида ушбу енгиллаштирувчи ҳолатларга алоҳида тўхталиб ўтди. Унга кўра, агар ташқи савдо бўйича активларнинг камида 50 фоизи қайтарилган бўлса ёки тадбиркор суд, арбитраж ва бошқа мажбурий ундирув усуллари орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўрган бўлса, бу жавобгарликни енгиллаштирувчи асос сифатида қабул қилинади.
Н.Абдураимова,
ЎзА