Хитойда Ўзбекистон кимё саноати салоҳияти намойиш этилмоқда
Миллий маҳсулотларни хорижда танитиш ва экспорт бозорларини ўзлаштиришда халқаро кўргазмалар муҳим ўрин тутади. Бундай майдонлар ишлаб чиқарувчиларга ўз салоҳиятини намойиш этиш, хорижий шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва янги бозорларга чиқиш имконини беради.
Ана шундай йирик халқаро майдонлардан бири Хитойнинг Шанхай шаҳрида бўлиб ўтаётган 9-Хитой халқаро импорт кўргазмасидир (China International Import Expo - CIIE 2026). Унда "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти ҳам ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро кўргазмада мамлакатимиз корхоналари "Made in Uzbekistan" ягона миллий бренди остида ўз маҳсулот ва ишланмаларини тақдим этмоқда. Миллий стендда кимё саноати маҳсулотлари билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, енгил саноат, тўқимачилик ва ҳунармандчилик намуналари, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестициявий ҳамда логистика салоҳияти ҳам намойиш этилмоқда.

Кўргазма доирасида "Ўзкимёсаноат" АЖ томонидан кимё саноати маҳсулотлари хорижий иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Шу орқали тармоқнинг ишлаб чиқариш имкониятлари, маҳсулот турлари ва экспорт салоҳияти халқаро ҳамжамиятга таништирилмоқда.
Жамият ахборот хизматига кўра, бундай халқаро тадбирларда иштирок этиш хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, янги ишбилармонлик муносабатларини йўлга қўйиш ва ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, “CIIE-2026” халқаро кўргазмаси 10 ноябрь куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА