Иқлим ўзгариши оқибатлари муҳокама қилинди
Бугун иқлим ўзгаришига қарши курашиш, экологик барқарорликни таъминлаш. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш энг долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда.
15 май — Халқаро иқлим куни муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ҳамда Тошкент шаҳридаги АДЖУ университети ҳамкорлигида “Иқлим ўзгариши оқибатлари ва унинг салбий таъсирларини камайтириш чоралари” мавзусида илмий семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ходимлари, бир қатор олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, тадқиқотчилар иштирок этди.

Семинардан асосий мақсад иқлим ўзгаришининг бугунги кундаги глобал ва минтақавий таъсирлари, экологик хавф-хатарлар, сув ресурслари танқислиги, қишлоқ хўжалигига таъсири ҳамда ушбу муаммоларни юмшатиш ва мослашув чоралари юзасидан илмий ва амалий фикр алмашишдан иборат.
Семинарда бир қатор долзарб мавзулар — сув барқарорлиги экологиясининг стратегик масаласи, иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалиги соҳасига таъсири ва мослашув чоралари, шунингдек, сув ресурслари танқислиги, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада қатор маърузалар тингланди, ўзаро фикр алмашилди.

Гидрометеорология хизмати агентлиги вакили Муниса Тўтиева томонидан иқлим ўзгариши шароитида агрометеорологик кузатувлар ва прогнозлаш ишларининг аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Илмий семинар давомида экологик муаммолар ечимига илмий ёндашувни кучайтириш, давлат идоралари, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришларига мослашишнинг илмий асосларини ривожлантириш борасида фикр алмашилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА