Ўқув семинари ва инновацион ишланмалар кўргазмаси бўлиб ўтди
Бугунги кунда қишлоқ ва сув хўжалигини рақамли технологиялар асосида бошқариш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва тармоқ самарадорлигини ошириш Янги Ўзбекистон аграр сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ер унумдорлигини сақлаш билан боғлиқ глобал чақириқлар соҳада замонавий ёндашувларни жорий этишни ҳаётий заруратга айлантирмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 1 мартда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда сув ресурсларини тежаш ва самарали бошқаришга қаратилган қатор ҳужжатлар бу борада мутлақо янги тизимни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида аграр соҳада ер ҳисобини рақамлаштириш, “ақлли” сув бошқаруви тизимларини жорий этиш, масофавий мониторинг, геоахборот платформалари ва электрон хизматлар кўламини кенгайтириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Жиззах вилоятида ташкил этилган навбатдаги амалий семинар ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида аҳамият касб этди. Шароф Рашидов туманидаги “Агромарказ” мажмуасида вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев ҳамда Миллий тадқиқот университети раҳбарияти иштирокида қишлоқ ва сув хўжалигида рақамли трансформация масалаларига бағишланган ўқув семинари ва инновацион ишланмалар кўргазмаси ўтказилди.
“Қишлоқ ва сув хўжалигида рақамли трансформация: маълумотларни рақамлаштириш, интеллектуал бошқарув тизимларини жорий этиш ва инновацион ечимлар орқали самарадорликни ошириш” мавзусидаги тадбирда вилоят ва туманлар мутасаддилари, сув хўжалиги ташкилотлари вакиллари, фермерлар кенгашлари, агрохизмат марказлари мутахассислари, олимлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.

Семинарда ер ва сув ресурсларини рақамли мониторинг қилиш, сув сарфини аниқ ҳисобга олиш, сунъий интеллект элементлари асосида бошқарувни такомиллаштириш, замонавий агротехнологиялар орқали ҳосилдорликни ошириш каби масалалар юзасидан амалий тақдимотлар ўтказилди. Мутахассислар томонидан сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, аграр соҳада маълумотлар базасини шакллантириш ва рақамли бошқарув платформаларининг афзалликлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган инновацион ишланмалар кўргазмаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда автоматлаштирилган суғориш тизимлари, аграр дронлар, рақамли таҳлил платформалари, ер ҳолатини масофадан баҳолашга мўлжалланган технологиялар ҳамда сув тежашга хизмат қилувчи илғор ечимлар намойиш этилди.
Таъкидланганидек, аграр тармоқда рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши нафақат ресурс тежамкорлигини таъминлайди, балки инсон омилини қисқартириш, шаффофликни кучайтириш ва соҳада юқори иқтисодий самарадорликка эришишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу эса мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва фермерлар даромадини кўпайтиришга хизмат қилувчи муҳим омилдир.
Жиззахда ўтказилган мазкур семинар аграр соҳани илм-фан, инновация ва рақамли ечимлар асосида ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалда изчил давом этаётганини яна бир бор намоён этди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири