“Ибратли оила” кўкрак нишони топширилди
Оила — жамиятнинг маънавий қиёфасини белгилайдиган, миллат келажагини тарбиялайдиган муқаддас қўрғондир. Мустаҳкам оила бор жойда меҳр-оқибат, тотувлик ва тараққиёт барқарор бўлади. Кейинги йилларда мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва намунавий оилаларни муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ана шундай эзгу тамойилларнинг амалий ифодасидир.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартда қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони асосида “Ибратли оила” кўкрак нишони таъсис этилгани бу борадаги ишларга янги суръат бахш этди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Ибратли оила” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори билан мазкур кўкрак нишонини бериш тартиби аниқ белгилаб берилди. Мазкур ҳужжатларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, намунали оилалар тажрибасини оммалаштириш ва ёшлар учун ибрат муҳитини шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ана шу эзгу мақсадлар ижроси доирасида Зомин туманида ҳам тантанали тадбир ташкил этилиб, жамият ҳаётидаги фаоллиги, фарзанд тарбиясидаги ибратли ёндашуви, маҳалла тинчлиги ва ҳамжиҳатлигига қўшаётган муносиб ҳиссаси билан ажралиб турган 8 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тақдирланган оилаларнинг ҳар бири меҳнатсеварлиги, аҳиллиги, каттага ҳурмат ва кичикка иззат тамойилларига содиқлиги билан юртдошларига намуна бўлиб келмоқда. Улар нафақат ўз хонадонларида соғлом маънавий муҳитни қарор топтирган, балки маҳалла ҳаётидаги фаол иштироки, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан ҳам эътирофга лойиқдир.
Тантанали маросимда Зомин тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Омонова ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси туман бўлими мутахассиси Саодат Алимова иштирок этиб, мукофотларни ўз соҳибларига тантанали равишда топширишди.
Тадбирда сўз олганлар мустаҳкам оила жамият барқарорлигининг энг ишончли таянчи эканини алоҳида таъкидлади. Зеро, оиладаги маънавий муҳит қанчалик соғлом бўлса, маҳаллада тотувлик, жамиятда эса барқарор тараққиёт шунчалик мустаҳкам қарор топади.
Бугун мамлакатимизда “Ибратли оила” каби юксак эътирофлар орқали аҳил ва фаровон оилаларнинг ҳаётий тажрибасини кенг тарғиб қилиш, ёш оилалар учун ибрат муҳитини яратиш, оила муқаддаслигини янада улуғлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда инсон қадри, оила шаъни ва жамият барқарорлиги энг устувор қадриятга айланаётганининг ёрқин ифодасидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири