Интизом бор жойда хавфсизлик мустаҳкамланади
Зоминда хизмат интизоми, қонунийлик ва касбга садоқат масалаларига бағишланган йиғилишда Фавқулодда вазиятлар тизими ходимларининг масъулияти яна бир бор кун тартибининг марказига чиқарилди. Унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Марказий аппарати масъуллари, Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти ҳамда Зомин тумани фавқулодда вазиятлар бўлими шахсий таркиби иштирок этди.
Таъкидланганидек, фавқулодда вазиятлар тизимида хизмат қилиш — оддий касб эмас, аввало, инсон ҳаёти ва жамоат хавфсизлиги учун юксак масъулиятни зиммага олишдир. Шу боис ҳар бир ходимдан хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, қонун талабларига оғишмай амал қилиш, ҳар қандай вазиятда ҳушёрлик ва касбий тайёргарликни намоён этиш талаб этилади.
Йиғилишда хизмат интизомига риоя этиш билан бир қаторда, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоада соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, ходимларнинг масъулиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, фавқулодда вазиятлар билан курашишда бир лаҳзалик бепарволикнинг ўзи оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу маънода интизом — бу фақат хизмат талаби эмас, балки инсон ҳаётини асрашга қаратилган муҳим мезондир.


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам бу талабларнинг амалий ифодаси сифатида коррупциянинг олдини олиш, ходимларнинг ҳуқуқий ва касбий маданиятини юксалтириш, хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу борада профилактикага устувор аҳамият берилиб, ҳар бир ходимнинг ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши, хизмат ваколатларидан фақат қонун доирасида фойдаланиши зарурлиги мунтазам тушунтирилмоқда.
Йиғилишдаги мулоқотлар шу жиҳатдан аҳамиятлики, унда интизом масаласи фақат жазо ёки назорат нуқтаи назаридан эмас, балки касбга садоқат, халқ ишончи ва инсон тақдири учун дахлдор масъулият сифатида талқин этилди. Чунки қутқарувчи учун хизмат интизоми — оғир ва масъулиятли дақиқаларда тўғри қарор қабул қилиш, ўзини эмас, аввало, бошқалар ҳаётини ўйлаш демакдир.

Тадбир доирасида Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимлар хотирасини ёд этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳаётдан бевақт кўз юмган ходим Ойбек Рашидовнинг хонадонига ташриф буюрилиб, марҳумнинг яқинлари ҳолидан хабар олинди.
Самимий суҳбат асносида Ойбек Рашидовнинг Ватан ва халқ хавфсизлиги йўлидаги фидокорона хизмати, жасорати ва касбга садоқати ёдга олинди. Яқинларига эҳтиром ва ҳамдардлик билдирилди.

Қаҳрамонларни хотирлаш — ўтмишга назар ташлашгина эмас. Бу бугунги авлодга масъулиятни эслатиш, эзгу анъаналарни давом эттириш, Ватан олдидаги бурчни янада чуқур ҳис этишдир. Зоминда ўтказилган ушбу учрашувда ҳам хизмат интизоми ва қаҳрамонлар хотираси бир-бирига уйғун тушди: бири бугунги кун масъулиятини белгиласа, иккинчиси касб шарафини асраб-авайлашга ундайди.
Зеро, эл осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг жасорати, интизоми ва садоқати ортида инсон тақдири, оила тинчлиги ва юрт хотиржамлиги мужассам. Қаҳрамонлар хотираси эса ана шу муқаддас масъулиятни авлоддан-авлодга етказиб туради.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири