Интеллектуал мулк ҳимояси: қандай чоралар кўрилмоқда? — Вазир ахборот берди
Мамлакатимизда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, 2025 йилда 3 минг 800 та, жорий йилнинг биринчи ярмида 2 минг 200 та интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланди. Бу даврда 60 мингдан ортиқ контрафакт маҳсулотлари аниқланиб, 15 мингдан ортиғи суд қарорлари билан йўқ қилинди. Ҳуқуқбузар юридик шахсларга нисбатан 2025 йилда 1,8 миллиард сўм, 2026 йилнинг ўтган даврида 1,1 миллиард сўм молиявий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқини бузган шахсларга нисбатан 2025 йилда 168 та, жорий йилда 269 та маъмурий материаллар қўлга киритилди. Бу рақамлар интеллектуал мулк соҳасида қонун устуворлиги таъминланаётгани, ҳуқуқбузарликка муросасиз муносабат қарор топаётганидан дарак беради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқуловнинг “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Эшитувда қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, инновацион фаолиятни рағбатлантириш ҳамда миллий брендларни қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда парламент ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Хусусан, ўтган тўрт йилда 16 та қонун қабул қилинди, улар асосида 25 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Миллий қонунчилик Жаҳон савдо ташкилотининг TRIPS битими талабларига уйғунлаштирилди. Шунингдек, Ўзбекистон интеллектуал мулк соҳасидаги 19 та халқаро шартномага қўшилди. Бу борадаги ислоҳотлар натижасида Глобал инновацион индексда Ўзбекистоннинг ўрни 2020 йилдаги 93-ўриндан 2025 йилда 79-ўринга кўтарилди.

Вазир қайд этганидек, товар белгиси, саноат мулки ва муаллифлик ҳуқуқи объектларидан қонунга хилоф фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгалари манфаатларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари жорий этилди. Интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари такомиллаштирилди, патентга оид ҳуқуқбузарликларда фойдаланилган ашёларни мусодара қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Адлия органларига контрафакт маҳсулотларни аниқлаш бўйича назорат харидларини мустақил ташкил этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда яширин ишлаб чиқариш ҳолатларини фош этиш ваколатлари берилди. Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциацияси ташкил этилди ҳамда патент вакилларининг судларда иштирок этиш ҳуқуқи мустаҳкамланди.
2026 йил биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан патентларга талабномалар ва берилган патентлар сони 43 фоизга, товар белгилари, ЭҲМ дастурлари ва маълумотлар базаларига берилган гувоҳномалар 35 фоизга ўсди.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади ва тегишли жавоблар қайтарилди. Халқ вакиллари аҳолида интеллектуал мулкка ҳурмат муносабатини янада кучайтириш, контрафакт маҳсулотларга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, ҳуқуқ эгалари манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бузган юридик шахсларга нисбатан молиявий жавобгарлик механизмларини жорий этиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича хусусий айблов ва ярашув институтларини амалиётга татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, товар белгиларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини соддалаштириш, интеллектуал мулк объектларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйишнинг ҳуқуқий механизмларини шакллантириш, интеллектуал мулк ҳуқуқини мунтазам бузувчи шахсларнинг давлат харидларида иштирокини чеклаш каби йўналишларда қонунчиликни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосида давлат хизматларини соддалаштириш, интеллектуал мулк соҳасида идоралараро ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳокамалардан сўнг Қонунчилик палатаси томонидан тегишли қарор қабул қилиниб, Адлия вазирлиги олдига рақамли хизматларни кенгайтириш, интеллектуал мулк объектларининг иқтисодий айланмасини ошириш бўйича ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар кўриш вазифалари қўйилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА