Аҳрор Ёқубов: "Ўзбекистон умуртқа жарроҳлигида жаҳон етакчиларидан бирига айланди" (+видео)
Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашди. Давлат раҳбари соҳа фидойиларини касб байрами билан қутлаб, инсон саломатлигини асраш йўлидаги фидокорона хизматлари учун бир гуруҳ тиббиёт ходимларига юксак давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
ЎзА мухбири II даражали “Саломатлик” ордени соҳиби, Учтепа туманидаги “Jacksoft medical diagnostics services” хусусий клиникаси нейрожарроҳи Аҳрор Ёқубов билан суҳбатлашди.
Малакали шифокорнинг таъкидлашича, 2017 йилдан буён юртимиздаги давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари замонавий тиббий ускуналар билан таъминланиб, кўплаб маҳаллий мутахассислар хорижда малака ошириб қайтди. Шунга қарамай, бугунги кунда қарийб 40 миллионлик аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун соҳани тинимсиз ривожлантириб бориш давр талабидир.
– Бугун Ўзбекистонда умуртқа поғонаси эндоскопияси йўналишида дунёнинг энг ривожланган давлатларидан ҳам илгарилаб кетдик, деб тўла ишонч билан айта оламан, – деди Аҳрор Ёқубов.
Тажрибали нейрожарроҳнинг эътироф этишича, ушбу юксак давлат мукофоти унга янада кўпроқ изланиш, касбий маҳоратини тинимсиз ошириш ва келажакда янги зафарларга эришиш учун чексиз куч ва масъулият бағишлайди.
Батафсил қуйида:
Дилшод ҲАКИМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА