"Ёш авлодни санъатга ошуфта этиб тарбияласак, уларнинг умри мазмунли бўлади" – Тоҳир Саидов
Актёр фикри
Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни “Ўзбекфильм” киностудиясига ташриф буюриб, кинематография соҳаси вакиллари билан учрашди. Мулоқот давомида миллий кино санъатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар сарҳисоб қилиниб, соҳанинг истиқболдаги устувор вазифалари ва келгуси режалари атрофлича муҳокама қилинди.
– Кино – инсонни тартиб-интизомга чорлайдиган, унинг дунёқарашини шакллантириб, ўтмиши ва бугунига кўзгу тутадиган қудратли санъатдир, – деди Ўзбекистон халқ артисти Тоҳир Саидов. – Бугун юртимизда театр ва кино соҳаси эришаётган ютуқлар барча қатори мени ҳам чин дилдан қувонтиради. Бундан бир неча йил олдин давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Тирик тарих” ижодий лойиҳасига старт берилган эди. Мана шу қисқа вақт ичида қарийб элликта фильм устида иш бошланди. Уларнинг ўн тўққизтаси суратга олиниб, аллақачон томошабинларга тақдим этилди, ҳатто нуфузли халқаро кинофестивалларда совринли ўринларни қўлга киритишга ҳам улгурди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан алоқаларимиз кенгайгани кино санъати ривожига ҳам кучли туртки берди. Хусусан, туркманистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда “Махтумқули”, тожик киноижодкорлари билан биргаликда эса “Навоий ва Жомий” бадиий фильмлари яратилди. Ўзимиз “Баҳодир Ялангтўш” тарихий фильмини суратга олдик. Қолаверса, Россия, Беларусь ва Туркия каби давлатларнинг кино усталари билан тажриба алмашиб, турли мавзуларда қўшма лойиҳаларни амалга оширяпмиз ва бунинг самараси яхши бўлмоқда.
Болалар контентини ривожлантириш борасидаги қадамларимиз ҳам юқори натижа бермоқда. Қисқа муддатда ўн бешга яқин болалар фильмини ишлаб чиқариш бошланиб, уларнинг илк намуналари экранларга чиқди. Фарзандларимизни ёшлигиданоқ кино кўриш маданиятига ўргатиб, уларни санъатга ошуфта руҳда тарбияласак, маънан бой ва мазмунли умр кечиради. Бу эса танлаган йўлимиз нақадар тўғри эканидан далолатдир.
Президентимизнинг биз, киноижодкорлар билан учрашиб, дилдан мулоқот қилганлари барчамизга чексиз қувонч бағишлади. Зеро, давлатимиз раҳбари қайси соҳага эътибор қаратмасин, қайси масканга қадам қўймасин, ўша жойда юксалиш ва туб ўзгаришлар бошланади, кўплаб мушкуллар осон бўлиб, янги хайрли ишларга замин яратилади. Бизга кўрсатилган бундай юксак эътибор ва алоҳида ажратилган вақт, тўғрисини айтсам, бутун ижодий жамоамиз учун энг катта мотивация ва янги куч-қувват манбаи бўлди.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА