Институтнинг 60 йиллиги нишонланди
Андижон давлат чет тиллари институти ташкил этилганлигининг 60 йиллигига бағишланган байрам тадбирида институт профессор-ўқитувчилари, юртимиздаги ҳамда институт билан ҳамкорлик қилаётган қатор хорижий олий таълим муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирни институт ректори, профессор Дилшодбек Рустамов очиб, институт жамоасини қутлуғ сана билан муборакбод этди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қонгратбой Шариповнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Кўп йиллардан буён юқори малакали педагог кадрлар, таржимонлар тайёрлаш борасида самарали фаолият юритиб келаётган Андижон давлат чет тиллари институтида айни кунда 20 та бакалавриат ва 7 та магистратура йўналишида 3 минг 646 нафар талаба таҳсил олмоқда. Таълим сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтариш мақсадида ўқув жараёнларига АҚШ, Франция, Германия, Жанубий Корея ва Канада каби давлатлардан 36 нафар малакали мутахассис жалб этилди.
Шунингдек, институт томонидан қатор муҳим ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, “Ҳоким академияси” платформаси орқали вилоят ёшлари учун 102 та ҳамда меҳнат мигрантлари учун 60 та бепул онлайн видеодарслар яратилиб, фойдаланилмоқда. Қатор хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари, илмий лойиҳалар доирасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Бугунги кунда институт Буюк Британия, Америка Қўшма Штатлари консулликлари ҳамда элчихонаси, Франция Иттифоқи, Германия элчихонаси, Сингапурнинг Амитй халқаро университети, ЭТС халқаро ташкилоти, Буюк Британиянинг Кембридж ҳамда Порстмут университетлари, АҚШнинг Огаё университети ҳамда Норвич институти, Кореянинг Чежу Ҳала ҳамда Кинг Сежонг университетлари, Россия Федерациясининг Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Қирғиз Республикасининг Ўш давлат университети, Туркиянинг Канфас, Гази ва Ҳожи Байрам университетлари ҳамда Ҳиндистоннинг Миллий туризм ва меҳмондўстлик менежменти институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш борасида ҳам юқори натижаларга эришилмоқда. Институт жамоаси республика фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, 2024 йилда 43 та олий таълим муассасаси орасида умумжамоа ҳисобида 3-ўринни (инглиз тили бўйича 1-ўрин), 2025 йилда эса фахрли 2-ўринни (корейс, хитой ва араб тиллари бўйича 1-ўрин) эгаллади. Бундан ташқари, институтнинг иқтидорли талабалари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номдор давлат стипендиялари соҳиблари етишиб чиққанлиги институтда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий натижасидир.
Ҳозирда институтда моддий-техник базани мустаҳкамлаш, замонавий қулайликлар яратиш, талабаларнинг пухта билим олишига қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, институт инфратузилмасини такомиллаштириш доирасида бир минг ўринли янги ўқув биноси, шунингдек, барча қулайликлар яратилган 800 ўринли ётоқхона талабалар ихтиёрига топширилди. Мазкур масканларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун футбол, волейбол ва воркоут майдончалари барпо этилиб, талабаларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча имкониятлар яратилди.
[gallery-29748]
Кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида институт ҳузурида филология ва педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ҳамда фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи Илмий кенгашлар ўз фаолиятини бошлади. Бу муассасанинг илмий мустақиллигини таъминлаш ва юқори малакали мутахассислар захирасини яратишда муҳим қадам бўлди.
Мамлакатимиз президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни талабалар ўртасида кенг оммалаштириш мақсадида “Беш муҳим ташаббус маркази” ташкил этилди. Зарур моддий-техник базага эга, спорт зал, кутубхона, bookkafe, очиқ спорт майдони ва конференциялар зали мавжуд бўлган ушбу марказ талабалар ихтиёрига тўлиқ топширилди.
Марказга жалб этилган ёшлардан “Ибрат” театр студияси, “Қувноқлар ва зукколар” жамоаси ташкил этилди. Ушбу жамоалар вилоят ва республика миқёсида ўтказилган танловларда муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Байрам тадбирлари доирасида янги нашр этилган китоблар ҳамда илмий журналлар тақдимоти, матбуот анжумани, турли йўналишлар бўйича шўъба йиғилишлари, китоблар, иқтидорли талабаларнинг илмий, инновацион ғоя ва лойиҳалари, шунингдек, каллиграфия ва санъат кўргазмалари ташкил этилди.
Турли факультетлар талабалар жамоалари ўртасида “Институт тарихи ва бугуни” мавзусидаги викторина, институт талабалари ижросидаги институт тарихига оид саҳна кўринишлари тадбир иштирокчи ва меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.
Байрамнинг маданий тадбирларида ўзбек миллий қўшиқ ва рақслари билан бир қаторда, рус, корейс, турк, немис ва француз тилида ижро этилган қўшиқ ва рақслар барчага байрамона кайфият улашди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.