Диссертацияни Москвада ҳимоя қилди
Тиббиёт — нафақат касб, балки инсон тақдири учун масъулият, ҳаёт ва ўлим ўртасидаги нозик чизиқда кечадиган фидокорликдир. Ана шундай шарафли йўлни танлаб, нафақат минглаб беморларга шифо улашаётган, балки илм-фан соҳасида ҳам юксак натижаларга эришаётган сирдарёлик шифокор Хуршид Ҳакимов навбатдаги муҳим муваффақиятга эришди.
Мирзаобод туманида туғилиб вояга етган Хуршид Ҳакимов Тошкент тиббиёт олийгоҳи талабасидан халқаро даражада эътироф этилган мутахассис ва олим даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди. У билим ва тажрибасини янада бойитиш мақсадида таҳсилини Россия Федерациясининг Москва шаҳрида давом эттирди. Бу ерда юрак-қон томир жарроҳлиги соҳасидаги дунёга машҳур олим, тиббиёт фанлари доктори, Россия Фанлар академияси профессори Карен Валерьевич Петросян раҳбарлигида фаолият юритиб, замонавий эндоваскуляр жарроҳлик бўйича чуқур билим ва бой амалий тажриба орттирди.
Яқинда Москва шаҳридаги А.Н.Бакулев номидаги Юрак-қон томир жарроҳлиги миллий тиббий тадқиқот марказида унинг «Туғма юрак нуқсонлари гемодинамик тузатилган беморларда артериал ва веноз мальформацияларни эндоваскуляр даволаш» мавзусидаги диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинди.

Тадқиқот натижалари жаҳон кардиохирургияси ривожига улкан ҳисса қўшган таниқли олимлар — А.Н.Бакулев номидаги Юрак-қон томир жарроҳлиги миллий тиббий тадқиқот маркази президенти, Россия Фанлар академияси академиги Лео Антонович Бокерия ҳамда марказ директори, Россия Фанлар академияси академиги Елена Зеликовна Голухова бошчилигидаги мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Илмий кенгаш аъзоларининг мутлақ кўпчилиги мазкур илмий ишни долзарб ва амалий аҳамиятга эга деб топиб, муаллифни тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига муносиб деб эътироф этди.

Мазкур тадқиқот туғма юрак нуқсонлари билан оғриган беморларда учрайдиган мураккаб қон томир ўзгаришларини кам инвазив усуллар орқали даволашнинг самарали ечимларини ишлаб чиқишга бағишланган бўлиб, унинг натижалари замонавий кардиология ва эндоваскуляр жарроҳлик амалиёти учун муҳим аҳамият касб этади.
Хуршид Ҳакимовнинг фаолияти фақат илмий изланишлар билан чекланиб қолгани йўқ. У ўз билим ва тажрибасини Сирдарё вилояти аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилишга ҳам бағишлаб келмоқда.
2020 йилда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё минтақавий филиалига Германияда ишлаб чиқарилган, қиймати 4 миллиард 2 миллион 313 минг сўм бўлган замонавий «Siemens Artis One» ангиографик мажмуаси ўрнатилди. Бироқ юқори технологияли мазкур ускуна билан ишлай оладиган мутахассисларга эҳтиёж катта эди.
Ўша даврда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи бўлиб фаолият юритган марҳум тиббиёт фанлари доктори Рустам Йўлдошевнинг таклифи ва собиқ вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг қўллаб-қувватлаши билан Хуршид Ҳакимов вилоятга таклиф этилди. У Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё минтақавий филиалида эндоваскуляр жарроҳлик бўлими бошлиғи сифатида иш бошлади. Кейинчалик Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари лавозимида ҳам самарали меҳнат қилди.

Бугунги кунда мазкур бўлим вилоят тиббиётининг энг замонавий марказларидан бирига айланган. Шу вақтга қадар бўлим мутахассислари томонидан 4 мингдан ортиқ беморда юқори технологияли ташхис ва даволаш амалиётлари бажарилди. Жумладан, юракнинг коронар қон томирларини стентлаш, периферик артерияларни стентлаш, қон томирларни ангиопластика қилиш, юрак ритми бузилишларини аниқлаш ва радиочастотали абляция усули орқали даволаш каби мураккаб амалиётлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Бу борада Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Россиядаги Бакулев номидаги марказ билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, профессор Карен Петросян иштирокида Сирдарёда ташкил этилган маҳорат дарслари давомида қатор мураккаб эндоваскуляр амалиётлар муваффақиятли бажарилди. Бу маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш ва аҳолига кўрсатилаётган юқори технологияли тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш имконини бермоқда.

Энг муҳими, авваллари юрак-қон томир касалликларини даволаш учун пойтахт ёки хорижий клиникаларга мурожаат қилишга мажбур бўлган беморлар бугун ўз ҳудудида замонавий тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса нафақат вақт ва маблағни тежаш, балки кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.

— Ўз касбини севган инсон учун ҳар қандай лавозимдан кўра, одамларга наф келтираётган меҳнати қадрлироқ. Оғир аҳволдаги беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш, унинг дардига даво бўлишдан ортиқ бахт йўқ. Чунки соғлиқ инсон учун энг катта бойликдир. Шу касбни танлаганимдан ва инсонларга ёрдам бераётганимдан фахрланаман, — дейди тиббиёт фанлари номзоди, эндоваскуляр жарроҳ Хуршид Ҳакимов.
Мирзаободдан бошланган бу йўл бугун халқаро илм-фан минбарларида эътироф этилмоқда. Бироқ олим учун энг катта мукофот илмий даража ёки юксак унвон эмас. Бу — ҳаётга қайтаётган беморнинг табассуми, соғлиги тикланган инсоннинг миннатдорлиги ва юртдошлари саломатлиги йўлида қилинган хизматлардир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири