Ғаллакорлар рағбатлантирилди
Сайхунобод туманида 2026 йил ҳосили учун белгиланган 30 минг 200 тонналик ғалла топшириш режаси ортиғи билан бажарилди. Мазкур муваффақият муносабати билан ғалла ўрим-йиғим мавсумида фидокорона меҳнат қилган ғалла штаби ва отряд аъзолари туман ҳокимлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Тақдирлаш маросимида сўз олган туман ҳокими Комилжон Муллажанов эришилган натижалар ортида деҳқон ва фермерларнинг, соҳа мутахассислари ҳамда ташкилотчиларнинг заҳматли меҳнати мужассам эканини таъкидлади. Қайд этилганидек, ғаллачиликда қўлга киритилаётган бундай ютуқлар мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Эътиборли жиҳати, жорий мавсумда Сирдарё вилоятида 65 минг гектар суғориладиган майдонда кузги бошоқли дон экинлари парвариш қилинди. Ер шароитига мос навларни танлаш, сифатли уруғликдан фойдаланиш ва замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ҳисобига юқори ҳосилдорликка эришилди.

Натижада вилоят бўйича давлат эҳтиёжлари учун белгиланган 215 минг тонна ўрнига 218 минг тонна дон етказиб берилиб, режа 101,2 фоизга бажарилди. Ҳудудлар кесимида Сардоба тумани 112 фоиз, Гулистон тумани 110 фоиз, Оқолтин тумани 109 фоиз ва Сайхунобод тумани 104 фоиз кўрсаткич билан юқори натижаларни қайд этди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу натижалар агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ғалла етиштирувчиларнинг тажрибаси ва меҳнатсеварлиги самарасидир.

Тадбир якунида ғалла мавсумида алоҳида фаоллик кўрсатган штаб ва отряд аъзоларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири