Инсон тақдирини ўзгартирган меҳр ва эътибор
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ғояси давлат сиёсатининг бош мезонига айланган. Бу тамойилнинг ҳаётдаги амалий ифодасини эса маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар меҳнатида яққол кўриш мумкин. Чунки улар фақат ҳужжат расмийлаштирувчи ёки мурожаат қабул қилувчи эмас, балки оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган инсонларнинг ишончли маслаҳатчиси, кўмакчиси ва тақдирини яхши томонга ўзгартиришга ҳисса қўшаётган фидойи инсонлардир.
Бухоро туманининг Работиқалмоқ маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ана шу эзгу мақсадларнинг ҳаётий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ерда ижтимоий ҳимоя тушунчаси фақат нафақа ёки моддий ёрдам бериш билан чекланмайди. Аксинча, ҳар бир инсоннинг имкониятини рўёбга чиқариш, уни мустақил ҳаётга қайтариш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун шароит яратиш устувор вазифага айланган.
Маҳаллада бугунги кунда 9 минг 470 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида 214 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 27 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, 3 нафар ёлғиз кексалар бор. Ана шу тоифадаги фуқаролар билан манзилли ишлашда маҳалла ижтимоий ходими Зарина Темированинг ташаббускорлиги ва фидойилиги алоҳида эътирофга лойиқ.
Авваллари маҳалла биноси асосан йиғилишлар ўтказиладиган жой сифатида қаралган бўлса, бугун у аҳоли учун хизмат кўрсатиш, таълим бериш ва янги ғояларни рўёбга чиқариш марказига айланган.

Зарина Темирова ташаббуси билан маҳалла биносида эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун кутубхона ташкил этилди. Бу ерда болалар бўш вақтларини мазмунли ўтказмоқда, китоб мутолааси орқали билим ва тафаккурини бойитмоқда. Энг муҳими, ушбу ташаббус маҳаллада китобхонлик муҳитини шакллантириб, ёшларни маънавий камолот сари етакламоқда.
Бир қарашда оддий ташаббус бўлиб кўринган мазкур лойиҳа аслида келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётган муҳим ижтимоий қадамдир.
Маҳалла аҳолиси вакилларидан бири Дилбар Нурова мактабгача таълим ташкилотида логопед бўлиб фаолият юритарди. Аммо оладиган маоши оила эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш учун етарли эмас эди.
У иш ва қўшимча даромад масаласида ижтимоий ходимга мурожаат қилди. Бу мурожаатга расмий жавоб бериш билан чекланилмади. Аксинча, маҳалла биносидан алоҳида хона ажратилиб, мини лойиҳа ташкил этилди.
Бугун Дилбар Нурова мазкур хонада пуллик логопедик хизматлар кўрсатиш орқали қўшимча даромад топмоқда. Шу билан бирга, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ҳамда ногиронлиги бўлган болалар учун мутлақо бепул машғулотлар ўтказмоқда.
Бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, у бир вақтнинг ўзида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояни таъминлаш ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш каби бир нечта муҳим вазифани мужассам этган.
— Бир пайтлар қўшимча иш излаб сарсон бўлардим, — дейди Дилбар Нурова. — Ижтимоий ходим менинг имкониятимни кўрди ва уни амалга оширишга ёрдам берди. Бугун нафақат оиламга даромад келтиряпман, балки эҳтиёжманд болаларнинг ҳаётига ҳам ижобий таъсир кўрсатаяпман. Болаларнинг илк муваффақиятлари мен учун энг катта бахтдир.
Сўнгги уч йил мобайнида маҳалладаги кўплаб ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланди.
Бу ёрдам фақат бир жиҳоз ёки мослама топшириш эмас. Бу — инсоннинг мустақил ҳаракат қилиши, меҳнат қилиши, орзуларига эришиши ва жамиятда ўз ўрнини топиши учун яратилган имкониятдир.
Амалга оширилган ишлар натижасида 8 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлиги таъминланди. Яна 8 нафари адаптив спорт турларига жалб қилинди. “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида 5 нафар ўзгалар парваришига муҳтож фуқаро доимий ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди.
Бу рақамлар қуруқ статистика эмас. Улар ортида ҳаётга қайта ишонч топган, ўз келажагини янгидан қуришга муваффақ бўлган инсонлар тақдири мужассам.
Работиқалмоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Рокия Шарипова оиласи ана шундай ҳаётий мисоллардан биридир.

Оиладаги энг оғир синов фарзандининг биринчи гуруҳ ногиронлиги ҳамда руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолар эди. Моддий қийинчиликлар, уй-жойнинг носоз аҳволи ва доимий ташвишлар оилани мушкул вазиятга солиб қўйганди.
Ижтимоий ходимнинг кўмаги билан оила “Ижтимоий реестр”га киритилди. Натижада бола нафақаси тайинланди, Рокия Шарипова фарзандига расмий қаровчи сифатида белгиланди, психологик хизматлар кўрсатилди. Иккинчи фарзанди имтиёзли асосда ўқув курсига жойлаштирилди.
Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан уй таъмирланди. Ҳоким ёрдамчиси томонидан реферал хизмат орқали қўзиқорин етиштириш фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратилди.
Бу ёрдамлар бир-биридан алоҳида тадбир эмас, балки оилани оғир ижтимоий вазиятдан чиқаришга қаратилган ягона ва комплекс тизимнинг самарасидир.
— Бир вақтлар нима қилишни билмай қолган эдим, — дейди Рокия Шарипова. — Ижтимоий ходим ҳар бир муаммомизни тинглади, ҳужжатларимизни расмийлаштиришда ёрдам берди, йўл кўрсатди. Бугун уйимиз таъмирланди, фарзандларим учун янги имкониятлар яратилди. Энг муҳими, ўзимизни ёлғиз ҳис қилмаяпмиз.
— Ҳар бир хонадонга кирганимда, аввало инсонни тинглашга ҳаракат қиламан, — дейди ижтимоий ходим Зарина Темирова. — Баъзан одамларга моддий ёрдамдан кўра меҳр, эътибор ва тўғри йўл кўрсатиш кўпроқ керак бўлади. Бизнинг вазифамиз нафақа тайинлаш билан чекланмайди. Асосий мақсад — инсоннинг мустақил ҳаёт кечириши учун шароит яратишдир.
Унинг фикрларида ижтимоий ҳимоя тизимининг бугунги мазмун-моҳияти мужассам. Энди ёрдам бериш дегани инсонни қарам ҳолатда сақлаб қолиш эмас, балки унинг ички имкониятларини юзага чиқариш, ҳаётга ишончини мустаҳкамлаш ва фаол фуқаро сифатида жамиятга қайтариш демакдир.

Работиқалмоқ маҳалласида амалга оширилаётган ишлар Янги Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизими қандай янги босқичга кўтарилганининг ёрқин намунасидир. Бу ерда кутубхона болаларнинг билим олишига хизмат қилмоқда, мини лойиҳа орқали фуқаролар даромад топмоқда, ўнлаб болалар бепул логопедик ёрдам олмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар иш билан таъминланиб, спорт билан шуғулланмоқда. Мураккаб ҳаётий вазиятдаги оилалар эса комплекс ижтимоий хизматлар орқали янги ҳаёт сари қадам ташламоқда.
Энг муҳими, бу ерда ҳар бир инсон муаммо сифатида эмас, балки имконият ва қадрият сифатида қабул қилинмоқда.
Зеро, ижтимоий ҳимоянинг ҳақиқий моҳияти ҳам ана шунда — инсонни ёрдамга муҳтож ҳолатда қолдириш эмас, балки унинг ўз кучига ишониши, муносиб ва фаровон ҳаёт кечиришига кўмаклашишдир. Работиқалмоқ маҳалласидаги эзгу ишлар эса инсон қадрини улуғлаш ғояси шунчаки шиор эмас, балки амалий ҳаёт ҳақиқатига айланганини яна бир бор тасдиқламоқда.
Зариф Комилов, ЎзА