Ёшлар сиёсати амалда
Президентимизнинг 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан мамлакат ёшлари билан ўтказган учрашувида белгиланган вазифалар, илгари сурилган ташаббус ва имкониятларни ҳудудларда самарали амалга ошириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Сирдарё вилоятида бўлди.
Ишчи гуруҳ Ховос туманида Президент томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси, ёшлар билан ишлаш тизими ҳамда улар учун яратилган имкониятлар билан танишди. Ташриф давомида ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, уларни сунъий интеллект ва рақамли технологияларга оид лойиҳаларга кенг жалб этиш, шунингдек, давлат раҳбари томонидан эълон қилинган янги имконият ва имтиёзларни ҳар бир маҳаллага етказиш масалалари муҳокама қилинди.

Ишчи гуруҳ дастлаб Гулистон шаҳридаги «Мадинабону» хусусий ўқув маркази фаолияти билан танишди. Марказда ёшларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш, таълим сифати ҳамда мавжуд имкониятларни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Кейинги манзил Ховос туманидаги 1-сон политехникуми бўлди. 1987 йилда барпо этилган, 600 ўринга мўлжалланган мазкур таълим муассасасида айни пайтда 491 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Учрашувда таълим сифатини ошириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, лицензия талабларини соддалаштириш ҳамда муассаса фаолиятини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ Ховос туманидаги замонавий «Ёшлар маркази» фаолияти билан ҳам танишди. Марказда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва рақамли кўникмаларини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Ташриф давомида Президент томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, улардан самарали фойдаланиш ва ҳудудларда амалий натижадорликни таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА