Халқ манфаати йўлидаги устувор вазифа
Аҳоли муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда одамларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топиш бугун давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу мақсадда жойларда ташкил этилаётган учрашувлар нафақат мавжуд аҳволни таҳлил қилиш, балки ҳудудларнинг эртанги тараққиётини белгилаб берадиган муҳим мулоқот майдони вазифасини ҳам ўтамоқда.
Ана шундай ташрифлардан бири давомида Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Э.Гадоев ҳамроҳлигида халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши раиси Ж. Ашуров Бухоро туманидаги “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳаллада фаолият юритаётган “маҳалла еттилиги” аъзолари билан атрофлича мулоқот қилди.
Учрашувда маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани янада яхшилаш, фуқароларни қийнаётган долзарб муаммоларни манзилли ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, ҳар бир мурожаат ва таклиф юзасидан аниқ чоралар белгилаш, муаммоларни кечиктирмасдан ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.

Ташриф давомида профилактика инспектори фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Суҳбат чоғида маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли билан ишлашнинг таъсирчан механизмларини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, тинч ва осойишта маҳалла — ҳар бир оиланинг хотиржамлиги, фарзандлар камолоти ҳамда юрт тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Депутатлар тумандаги 24-сон умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан ҳам танишди. Мактабда яратилаётган замонавий ўқув муҳити, синфхоналар ва инфратузилманинг янгиланиши, ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун барча шароитларни муҳайё этишга қаратилган ишлар юқори баҳоланди. Зеро, илм-маърифатга йўналтирилган ҳар бир сармоя мамлакат келажагига қаратилган энг қимматли инвестиция ҳисобланади.

Сафар давомида маҳалланинг марказий кўчасида қурилаётган пиёдалар йўлаги ҳам кўздан кечирилди. Мазкур лойиҳа, энг аввало, мактаб ўқувчилари, кексалар ва барча пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, йўл инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди. Бу каби эзгу ишлар инсон қадрини юксалтириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги амалий қадамлар экани алоҳида таъкидланди.
Ташриф якунида ҳудудларда амалга оширилаётган қурилиш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини сифатли ҳамда белгиланган муддатларда якунлаш, аҳоли мурожаатларига масъулият билан ёндашиш, ҳар бир муаммони манзилли ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Бухоро туманидаги мазкур ташриф яна бир бор шуни кўрсатдики, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, маҳаллаларнинг ҳақиқий эҳтиёжларини ўрганиш ва уларни амалий ишлар билан қўллаб-қувватлаш — мамлакат тараққиётининг энг муҳим мезонидир. Зеро, инсон манфаати устувор бўлган жамиятда маҳалла равнақи, таълим сифати, хавфсизлик ва ободлик бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, бугунги бунёдкорлик ишлари эртанги фаровон ҳаёт учун мустаҳкам замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА