Инсон қадри устувор
Мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ижтимоий хизматлар тизими мутлақо янги босқичга кўтарилиб, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож инсонларни муносиб ҳаёт билан таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг “Инсон қадри учун” тамойили асосида илгари сурилаётган ташаббуслар натижасида мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, мустақил ҳаёт кечириши ва ўз имкониятларини рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Ана шундай эзгу ишлардан бири Бухоро шаҳрининг “Гулистон” маҳалласида амалга оширилди. Бу ерда “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида “Мустақил қадам” кундузги қатнов асосида қараб туриш маркази ўз фаолиятини бошлади. Тадбиркор Мироншоҳ Жабборов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур марказ нафақат ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаси, балки эҳтиёжманд инсонларга умид, ишонч ва ҳаётга бўлган интилиш бағишлаётган меҳр масканига айланмоқда.
Марказда бугунги кунда 8 нафар хизмат олувчи доимий равишда парваришланмоқда. Улар орасида инсультдан кейинги асоратлар туфайли ҳаракатланиш, нутқ ёки хотирасида қийинчиликларга дуч келган фуқаролар, кўзи ожиз шахслар, полиартрит билан оғриётганлар ҳамда инфарктдан кейин соғлиғини тиклаётган инсонлар бор.
Бу ерда улар учун кундалик парвариш, ижтимоий ва психологик қўллаб-қувватлаш, жисмоний машғулотлар, реабилитация хизматлари ҳамда бўш вақтни мазмунли ташкил этишга қаратилган турли тадбирлар йўлга қўйилган. Энг муҳими, хизмат олувчилар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этиб, мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантириш имконига эга бўлмоқда.
Дастурнинг амалий самараси рақамларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Жумладан, 2024 йилда мазкур хизматлардан 767 нафар фуқаро баҳраманд бўлган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб уч баробар ошиб, 1 949 нафарга етди. Жорий йил якунига қадар эса яна 2 123 нафар эҳтиёжманд фуқарони ушбу хизматлар билан қамраб олиш режалаштирилган.
Бу рақамлар мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими тобора такомиллашиб бораётгани, инсон саломатлиги ва фаровонлигига қаратилаётган эътибор амалий натижа бераётганининг ёрқин исботидир. Зеро, ҳар бир инсоннинг тақдири, унинг муносиб ҳаёт кечириши давлат сиёсати марказида турган Янги Ўзбекистонда бундай марказлар нафақат тиббий ёки ижтимоий хизмат кўрсатади, балки инсон қалбига умид, ишонч ва яшашга бўлган интилишни қайтаради.
“Мустақил қадам” маркази фаолияти шуни яна бир бор тасдиқлайдики, меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварликка таянган жамиятда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган бу каби эзгу ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг энг улуғ бойлиги — инсон манфаати ва бахтли ҳаётини таъминлаш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида юртдошларимиз қалбида чуқур ифтихор ва ишонч уйғотмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири