Инновацион ривожланиш вазири Фарғонадаги «Ёшлар инновация маркази» га ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Фарғона вилоятидаги «Ёшлар инновация маркази»га ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Фарғона вилоятидаги «Ёшлар инновация маркази»га ташриф буюрди. Ташриф давомида вазир «Ёшлар инновация маркази» учун ажратилган бино ва унга туташ ҳудудларда амалга оширилган реконструкция, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари билан танишиб, уларни ниҳоясига етказиш, камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
«Ёшлар инновация маркази» Фарғона шаҳридаги собиқ Қиргули қурилиш-саноат коллежи асосий биносининг 1-қаватида жойлашган бўлиб, таъмирлаш-реконструкция ишлари амалга оширилган. Реконструкция натижасида марказ фаолиятини олиб бориш учун еттита хонадан иборат жами майдони 447.7 м2 бўлган хоналар замонавий кўринишда таъмирланиб, «Коворкинг маркази», «Инновацион ғоялар ва лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш жамғармаси», «Архитектура-лойиҳалаш бюроси», «ОТМлараро илмий-тадқиқот лабораторияси», «Ахборот-технология маркази» деб номланган. Хоналар ва марказ биноси замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган.

Вазир ташриф давомида Марказ ишчи ходимлари билан учрашув ўтказиб, уларга марказни ташкил этишнинг асл мазмун-моҳияти, унинг минтақада инновацияларни ривожлантиришда тутган ўрни, олдига қўйилган вазифалар тўғрисида яна бир бор эслатиб ўтди ҳамда марказ ходимларининг фаолиятларига муваффақиятлар тилади, ишни самарали ва тўғри йўлга қўйиш бўйича қимматли маслаҳатларини бериб ўтди.
Ташриф давомида Марказнинг кўргазмалар залида вилоятда ҳамда минтақадаги иқтидорли талабалар, мактаб ўқувчилари, ёш олимлар ва тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан яратилган янги инновацион маҳсулотлар намуналари, дастурий таъминот маҳсулотлари, истиқболли лойиҳалар ва илмий ишланмалар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма билан танишиш асносида Иброҳим Абдураҳмонов ўз ишланмаларини ҳаётга татбиқ этаётган ёш олимлар, тадбиркорлар, талабалар ва ўқувчиларнинг билан суҳбат ўтказиб, уларнинг ишланмалари билан танишди. Истиқболли, инновацион ишланмаларни ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Ташриф давомида вазир Фарғона вилоятида фаолият юритаётган ОТМлар: Фарғона политехника институти, Фарғона давлат университети, ТАТУ Фарғона филиали, ТТА Фарғона филиалининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари билан ҳам семинар ўтказди. Семинарда ОТМлар ҳамда марказ ўртасида амалий-инновацион ҳамкорлик ишларини янада жонлантириш зарурлиги қайд этилди.
Семинар сўнгида олий таълим муассасалари проректорлари томонидан ОТМлар ҳамда Ёшлар инновация маркази ўртасидаги ҳамкорлик натижасида амалга оширилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Жумладан, Фарғона политехника институти олимлари томонидан маҳаллий хом ашёлар асосида ишлаб чиқарилган шўрланишга қарши «Антишўр» восита ҳамда “IZOFULL” иссиқ ва совуқдан ҳимояловчи суюқ нано қопламалар ишлаб чиқариш натижалари билан таништирилди.
