Инновация анжумани: Рақамлаштириш ва атоқли олим юбилейи
Бугун Тошкент шаҳрида анъанавий Халқаро “Инновация-2026” илмий-амалий анжумани ўз ишини бошлади.
Анжуманнинг очилиш маросими Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказининг анжуманлар залида бўлиб ўтди.
Тадбирда ушбу соҳада кўп йиллик тажрибага эга фан докторлари, профессор ҳамда ёш олимлар, инновацион-технологик ривожлантириш бўйича ишланмалар олиб бораётган илмий ходимлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Анжуман доирасида энг муҳим илмий-амалий ва таълим йўналишлари бўйича 6 та шўъбада иш олиб борилди. Булар - ёшлар ва таълим муаммолари, кон иши ва металлургия, автоматик ва автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, яъни рақамлаштириш. Ушбу мавзулар бўйича энг тажрибали олимлар маърузалар қилди.
—Биз бугун инновация деган сўзни тез-тез ишлатяпмиз. Хўш, инновация ўзи нима? Инновация — янгилик яратиш демак. Мен энг муҳим янгиликларни, аввало ўқув жараёнига киритишимиз керак, деб ҳисоблайман. Бугун амалга оширишимиз керак бўлган яна бир долзарб ишларимиздан бири сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиб инновация руҳидаги ғояларимизни янада ривожлантиришдан иборат бўлиши керак. Қайси соҳа бўлишидан қатъи назар — тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, иқтисод ёки бошқа соҳа бўладими — барчасига инновацияни қўллашимиз зарур, — дейди Ўзбекистон миллий университети Амалий математика ва компьютер таҳлили кафедраси профессори Мирсаид Орипов.
Шунингдек, тадбир доирасида автоматика, телемеханика ва бошқарув тизимлари соҳасидаги таниқли ўзбек олими, техника фанлари доктори, профессор Омонулла Қодировнинг 85 йиллик юбилейи ҳам кенг нишонланди.
Унинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, кўп йиллик самарали илмий фаолияти, математика соҳасидаги изланишлари ҳамда ёш авлодни етук мутахассислар этиб тарбиялаш борасидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
У узоқ йиллар давомида Тошкент давлат техника университети (собиқ Политехника институти) тизимида самарали фаолият юритиб, юртимизда автоматлаштириш ва компьютер фанлари соҳасининг ривожланишига ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрланишига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
Сўзга чиққанлар олимнинг бой илмий мероси, халқаро миқёсдаги тажрибаси ва шогирдлари камолоти йўлидаги меҳнатларини юксак баҳолаб, юбилей муносабати билан самимий тилакларини билдирди.
Олимнинг илм йўлидаги кўп йиллик изланишлари, бой тажрибаси ва самарали меҳнати ёш авлод учун катта мактаб. Бундай олимларнинг ҳаёти ва фаолияти илмга садоқат ҳамда меҳнатнинг қадрини англатади.
[gallery-32169]
Н.Раҳмонова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА