Инновацион ғоялар ва истиқболли лойиҳалар намойиш этилди
Ғоянинг илмий ишланмага, илмий ишланманинг эса рақобатбардош маҳсулотга айланиши инновацион тараққиётнинг муҳим шартларидан биридир. Бу жараёнда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, олимлар ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади. Сирдарё вилоятида ўтказилган ҳудудий кўргазма ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Гулистон ёшлар технопаркида 22–25 октябрь кунлари «InnoWeek-2026» — «Ўзгараётган дунё учун илғор инновациялар» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ҳудудий саралаш кўргазмаси ташкил этилди. Унда вилоятдаги олий таълим ташкилотлари, инновацион фаолият билан шуғулланувчи корхона ва тадбиркорлик субъектлари, ёш ихтирочилар, лойиҳа муаллифлари ҳамда соҳа мутахассислари ўз ишланмалари билан иштирок этди.
Кўргазманинг асосий мақсади ҳудудда яратилаётган инновацион маҳсулотлар, илмий ишланмалар, замонавий технологик ечимлар ва стартап лойиҳаларни кенг жамоатчиликка танитиш, уларни амалиётга жорий этиш ва тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлди.
Тадбирда Гулистон давлат университети, Гулистон давлат педагогика институти, Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиали, Инновацион технологиялар университети ва Асман университети вакиллари, шунингдек, вилоятдаги 10 дан ортиқ корхона ва тадбиркорлик субъектлари қатнашди. Кўргазмада жами 20 дан ортиқ инновацион маҳсулот ва лойиҳа намойиш этилди. Тадбир 100 нафарга яқин иштирокчини қамраб олди.
Тақдимотлар давомида турли соҳаларда қўллаш мумкин бўлган, амалий аҳамиятга эга ишланмалар намойиш қилинди. Жумладан, «Mini Gidra», «Smart sensor», «ECOPACK», «Автоматлаштирилган Smart иссиқхона механизми» ҳамда биологик фаол моддалар олишга оид лойиҳалар иштирокчилар эътиборини тортди. Ушбу ишланмалар ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, ресурслардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни қўллаш ва янги маҳсулотлар яратиш борасидаги имкониятларни намоён этди.
[gallery-32127]
— Кўргазмада ҳар бир лойиҳа нафақат ғоя сифатида, балки уни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилди. Чунки инновацион маҳсулотнинг ҳақиқий самараси унинг тақдимотида эмас, балки ишлаб чиқаришга жорий этилиши, бозорда ўз ўрнини топиши ва иқтисодий натижа бериши билан белгиланади, — дейди Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.
Кўргазма доирасида олимлар, ёш инноваторлар, тадбиркорлар ва лойиҳа муаллифлари ўртасида ўзаро мулоқот ва музокаралар ҳам ташкил этилди. Бешта B2B ва B2I форматидаги учрашувда инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, инвестиция жалб қилиш ва лойиҳаларни тижоратлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувлар якунида истиқболли лойиҳалар бўйича бешта ҳамкорлик келишувига эришилди.
— Бундай мулоқотлар илмий ғоя билан ишлаб чиқариш ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, лойиҳа муаллифларига бизнес ҳамкорларини топиш ва янги маҳсулотларни бозорга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Тадбир давомида олимлар ва ёш инноваторлар фикр ҳамда тажриба алмашиш билан бирга, тадбиркорлар ҳам замонавий технологик ечимлар билан танишиш, мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларига инновацияларни жорий этиш ва фаолият самарадорлигини ошириш имкониятига эга бўлишди. Бу эса барча иштирокчилар учун манфаатли бўлди, — дейди Гулистон давлат педагогика институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нурбек Аяқулов.
Тадбир иштирокчиларига Гулистон ёшлар технопаркида инновацион лойиҳаларни ривожлантириш учун яратилган шароитлар ҳам таништирилди. Хусусан, технопаркдаги FABLAB лабораторияси, 3D-принтер, лазерли гравировка, CNC ва фибер-лазер ускуналари, прототиплаш ҳамда кичик ҳажмда ишлаб чиқариш имкониятлари намойиш этилди. Шунингдек, ахборот технологиялари, SMM, бухгалтерия, бизнес-клуб ва коворкинг хизматлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Бундай имкониятлар инновацион ғояни дастлабки моделдан тайёр маҳсулотгача олиб чиқиш, уни синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқаришга тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Айниқса, ёшлар ва янги лойиҳа муаллифлари учун замонавий ускуналардан фойдаланиш, мутахассислар маслаҳатини олиш ва ўз ташаббусларини ривожлантириш имконияти янги ғояларнинг амалий натижага айланишига замин яратади.
Кўргазма давомида лойиҳа муаллифларига прототиплар яратиш, тажриба-синов ишларини ташкил этиш, ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, молиялаштириш манбаларини жалб этиш ва маҳсулотларни тижоратлаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди. Бу эса олий таълим ташкилотлари, илмий доиралар ва бизнес вакиллари ўртасида янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятларини кенгайтирди.
Умуман, ҳудудий саралаш кўргазмаси Сирдарё вилоятининг илмий-технологик салоҳиятини намоён этиш, ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва истиқболли ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга қаратилган муҳим майдон бўлди. Унда ғоядан лойиҳага, лойиҳадан прототипга, прототипдан эса ишлаб чиқариш ва бозоргача бўлган жараённинг муҳим босқичлари қамраб олинди.
Таъкидлаш жоизки, «InnoWeek-2026» халқаро инновацион ғоялар ҳафталигининг асосий тадбирлари 27–29 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Сирдарёдаги ҳудудий кўргазма маҳаллий инноваторлар, олимлар, ёшлар ва тадбиркорларнинг ўз ишланмаларини кенгроқ майдонда тақдим этиши, янги ҳамкорлар топиши ва истиқболли лойиҳаларни ривожлантириши учун муҳим босқич бўлди.
Энг муҳими, кўргазмада инновацияга шунчаки янги ғоя сифатида эмас, балки иқтисодиётга амалий наф келтирадиган, ишлаб чиқаришни ривожлантирадиган ва янги имкониятлар яратадиган куч сифатида ёндашилди. Бу эса Сирдарёда илмий салоҳият, ёшлар ташаббуси ва тадбиркорлик ҳамкорлигини бирлаштириш орқали янги инновацион лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун мустаҳкам замин яратади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА