Ўрик ҳосили нега камайди?
Фарғона ўриги ҳамиша харидоргир бўлган. Айниқса, Исфарак, Субҳони, Қантаки навлари хорижий мамлакатларда аллақачон брендга айланган. Қолаверса, вилоятда ўрикни қайта ишлаш корхоналари ҳам кўп. Улар шохида қуритилган, офтоби, баргак каби ўрикларни турли вазнда қадоқлаб экспорт қилади. Бироқ, 2026 йилда Фарғона вилоятида ўрик ҳосили кескин камайди. Натижада экспорт ҳажми ҳам пасайди. Жумладан, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида 31,9 минг тонна ўрик экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 13,7 минг тоннани ташкил этди.
– Аслида, ўрик табиат инжиқликларига нисбатан анча чидамли дарахт. Масалан, унинг томир тизими ҳам чуқур, ҳам ён томонларга яхши ривожланади. Шу боис сув танқислигига бардош беради. Ҳатто 2-3 йиллик кўчатнинг томири 10-12 метргача ер қаърига етиб боради. Шунинг учун ҳам Риштон, Ўзбекистон ва Бешариқ туманларининг қир-адир ҳудудларида ҳеч иккиланмай ўрикзорлар барпо этилган, – дейди тажрибали фермер Адҳамҳожи Ҳақбердиев. – Бироқ бу йил ўрик гуллаган даврда ёғингарчилик узлуксиз кузатилди. Муаммо ёғингарчилик миқдорида эмас, балки унинг тез-тез такрорланганида бўлди. Натижада гулларда чангланиш жараёни тўлиқ кечмади, кўплаб гуллар мева тугмасдан тўкилиб кетди.
– Айрим боғларда эса ҳосил аввалги йиллардагидек бўлгани кузатилди. Бунинг сабаби нимада?
– Ҳа, бундай боғлар ҳам бор. Айрим боғбонлар тажриба тариқасида ҳар бир ёмғирдан кейин ҳаво пуркагич ёрдамида ўрик гулларида тўпланган сувни кетказишди. Бу усул яхши самара берди. Бироқ бундай боғлар жами ўрикзорларнинг 10-15 фоизинигина ташкил этади, – дейди миришкор боғбон.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири