Руҳий тренинг ташкил этилди
Ҳарбий хизмат юксак жисмоний тайёргарлик билан бир қаторда мустаҳкам ирода, руҳий барқарорлик ва ҳар қандай вазиятда оқилона қарор қабул қилиш қобилиятини ҳам талаб этади. Шу боис ҳарбий хизматчиларнинг психологик тайёргарлигини мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Оқолтин тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Шоира Қаршибоева ташаббуси билан Оқолтин туманида жойлашган ҳарбий қисмда хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун психологик семинар ва амалий маҳорат тренинги ташкил этилди.
Тренинг давомида стресс ва руҳий босимни енгиш усуллари, ҳиссий барқарорликни сақлаш, хизмат жараёнида юзага келадиган мураккаб вазиятларда тўғри психологик ёндашувни шакллантириш, жамоада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Интерактив машғулотлар, психологик тестлар ва амалий топшириқлар асосида ташкил этилган семинар ҳарбий хизматчиларнинг фаол иштироки билан ўтди. Машғулотлар давомида иштирокчилар мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, фикр ва тажрибаларини эркин алмашиш имкониятига эга бўлдилар.

— Ҳарбий хизматчиларнинг юксак жанговар тайёргарлиги, аввало, уларнинг мустаҳкам руҳий ҳолати билан чамбарчас боғлиқ. Бугунги тренингдан кўзланган асосий мақсад ҳарбий хизматчиларнинг психологик барқарорлигини мустаҳкамлаш, стрессли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш, жамоада ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтиришдан иборат. Бундай учрашувлар ҳарбий хизматчиларнинг нафақат хизмат самарадорлигини оширишга, балки уларнинг маънавий-руҳий қўллаб-қувватланишига, Ватан ҳимоясига бўлган масъулият ҳиссини янада юксалтиришга ҳам хизмат қилади, — дейди Оқолтин тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Шоира Қаршибоева.

Тадбир якунида иштирокчилар бундай амалий машғулотлар хизмат фаолияти давомида учрайдиган турли руҳий ҳолатларни енгиш, ўзини бошқариш ва жамоада соғлом психологик муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Мазкур семинар ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг психологик барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда Ватан ҳимояси йўлидаги масъулият ҳиссини янада кучайтиришга қаратилган амалий тадбирлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири