Илмли аёл – миллат таянчи
Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, илм-фан ва инновациялар соҳасида ўз иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу эзгу мақсадлар амалда қандай самара бераётганини Бухоро вилояти Олот туманида ташкил этилган “Илмли аёл – кучли жамият” форуми мисолида яна бир бор кўриш мумкин бўлди.
Форум нафақат фикрлар майдони, балки келажак авлод тақдирини белгилайдиган муҳим ғоялар ва ташаббуслар муҳокама қилинган нуфузли маърифий платформага айланди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда эҳтиёжманд оилалардаги қизлар учун махсус давлат грантлари ажратилмоқда, таълим кредитлари фоизсиз шаклда тақдим этилмоқда, магистратура босқичида таҳсил олаётган қизларнинг контракт тўловлари давлат томонидан қоплаб берилмоқда. Бу каби имкониятлар юзлаб қизларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга, уларнинг илм олиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Форумда иштирок этган олималар, профессорлар, педагоглар, ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари ва жамоатчилик фаоллари аёлларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида ўз қарашлари билан ўртоқлашди.
Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова, инновацион лойиҳалар муаллифи ва IT мутахассиси Гулнора Бўронова, “Аёл маърифати” жамоатчилик кенгашининг ҳудудий таянч гуруҳи раиси, профессор Лайло Шарипова ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракати вилоят раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Донохон Ачиловалар томонидан билдирилган фикрлар форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Айниқса, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, муҳандислик ва замонавий технологиялар соҳаларида қизларнинг иштирокини кенгайтириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Мутахассислар бугунги кунда дунё меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш учун қизлар STEM ва IT йўналишларини чуқур ўзлаштиришлари зарурлигини таъкидлади.

Форумнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, унда ҳаёт тажрибаси бой бўлган ибратли оналар ва фарзандларнинг таълим олишига муносиб ҳисса қўшаётган ота-оналар ҳам иштирок этди.
Улар фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни, илмнинг инсон тақдиридаги ҳал қилувчи аҳамияти, қизларнинг мустақил фикрлайдиган, билимли ва ватанпарвар инсонлар бўлиб камол топишида ота-онанинг масъулияти ҳақида таъсирли фикрлар билдирди.
Тадбир доирасида ташкил этилган “Таълимга элтувчи йўл”, “Қизлар ва келажак касблари”, “Оила ва карьера – мувозанат санъати” мавзуларидаги панел сессиялар форумнинг амалий аҳамиятини янада оширди.
Ушбу мулоқот майдонларида қизларнинг таълим олишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, янги касбларни эгаллаш имкониятлари, рақамли технологиялар соҳасидаги истиқболли йўналишлар ҳамда оилавий ҳаёт билан касбий фаолиятни уйғунлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Форумнинг энг таъсирли лаҳзалари эса турли соҳаларда муваффақият қозонаётган иқтидорли қизларни тақдирлаш маросимида намоён бўлди. Илм-фан, таълим, спорт, маданият, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолиятида юқори натижаларга эришган ёшлар муносиб эътироф этилди.
Бу нафақат уларнинг меҳнатига берилган баҳо, балки минглаб қизлар учун янги марралар сари илҳом ва руҳлантириш манбаи бўлди.

Бугунги дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, қайси мамлакатда аёлларнинг таълим даражаси юқори бўлса, ўша жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти ҳам шунчалик тезлашади. Чунки илмли аёл – маърифатли оила, маърифатли оила эса барқарор ва кучли жамият пойдеворидир.
Олот туманида ўтказилган мазкур форум ана шу ҳақиқатнинг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди. Бу тадбир нафақат хотин-қизларнинг билим олишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлайди, балки уларнинг жамиятдаги фаоллиги, ташаббускорлиги ва лидерлик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири