Илмий-амалий конференция ўтказилди (+видео)
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида “Ички ишлар органлари учун малакали кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишдаги илғор хорижий ва миллий тажрибалар” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман ички ишлар органлари тизимида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги мавжуд тажрибаларни таҳлил қилиш, илғор миллий ва хорижий ёндашувларни ўрганиш ҳамда таълим жараёнига татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилишга бағишланди.
Анжуманда таъкидланганидек, бугунги глобаллашув шароитида ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш соҳасига қўйилаётган талаблар тобора ортиб бормоқда. Шу боис ички ишлар органлари ходимларининг касбий тайёргарлиги, ҳуқуқий билими, психологик барқарорлиги ва замонавий технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Конференция доирасида иштирокчилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлашнинг халқаро стандартлари, таълим сифатини ошириш механизмлари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини рақамлаштириш, амалий машғулотлар самарадорлигини юксалтириш ҳамда таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари юзасидан илмий маърузалар тақдим этилди.
Муҳокамалар жараёнида илғор хорижий тажрибаларни миллий таълим тизимига мослаштириш, соҳавий таълим муассасалари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида конференция иштирокчилари томонидан билдирилган фикр ва тавсиялар ички ишлар органлари учун рақобатбардош, юксак касбий салоҳиятга эга кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Илмий-амалий анжуман соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди. Конференцияда ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар, келгусида Ички ишлар органлари ходимларининг малакасини оширш ва қайта тайёрлашда ўзининг ижобий самарасини беради.
Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА