Томорқадан экспортгача: Водил тажрибаси (+видео)
Фарғона туманидаги Водил ҳудудида малиначилик аҳоли учун барқарор даромад манбаи сифатида ривожланмоқда. Айниқса, Водил малинаси юқори сифати билан нафақат мамлакатимизда, балки хориж бозорларида ҳам харидоргир маҳсулотга айланган.
Тумандаги Обод маҳалласи аҳолисининг асосий даромад манбаларидан бири малиначилик ҳисобланади. Маҳалладаги аксарият хонадонлар ушбу йўналиш билан шуғулланиб, етиштирилган маҳсулот ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда.
“Алпомиш Хосиятхон” фермер хўжалиги раҳбари Элёрбек Нишонов томонидан 14 гектар майдонда малина парваришланмоқда. Хўжаликда маҳаллий навлар билан бир қаторда Италиянинг бир нечта серҳосил навлари ҳам етиштирилмоқда.
Маҳсулотнинг бир қисми ички бозорга йўналтирилса, асосий қисми Туркия ва Россияга экспорт қилинаётир. Хўжаликда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниши натижасида сув ва минерал ўғитлар сарфи қисқарган.
Айни пайтда хўжаликда 24 нафар доимий ва 200 нафардан ортиқ мавсумий ишчининг бандлиги таъминланган.
[gallery-29889]
Тадбиркор ташаббуси билан ташкил этилган “Vodil raspberry 555” кооперацияси Обод, Наврўз ва Юқори Водил маҳаллаларидаги аҳоли хонадонлари ҳамда 130 дан зиёд фермер хўжаликлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Кооперация аъзоларига кўчатлар етказиб берилиб, агротехник маслаҳатлар кўрсатилмоқда ва етиштирилган ҳосил кафолатли тарзда харид қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, ўтган йили 500 тонна малина экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 2 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, қиймати 3 миллиард сўм бўлган, 400 тонна маҳсулот сақлаш қувватига эга замонавий музлаткич омбори ва қайта ишлаш цехи қурилиши бошланган. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилиши ҳамда маҳсулотни сақлаш ва экспорт қилиш имкониятлари кенгайиши кутилмоқда.
<iframe width="815" height="446" src="https://www.youtube.com/embed/c0e38DUgfbY" title="Tomorqadan eksportgacha: Vodil tajribasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат, видео), ЎзА