Тергов ҳибсхонасида маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов ҳибсхонасида «Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда маҳкумлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш» мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари Бекзод Наримонов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Семинарда озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга нисбатан инсоний муносабатни кафолатлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
[gallery-29893]
Таъкидланганидек, мамлакатимизда қийноқлар ҳамда инсон қадр-қимматини камситувчи муносабатларнинг олдини олишга қаратилган Миллий превентив механизм жорий этилган бўлиб, унинг доирасида жазони ижро этиш муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда.
Шунингдек, семинарда пробация тизимини такомиллаштириш, жазони ўтаб чиққан шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятга мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Омбудсман ўринбосари тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар билан суҳбат ўтказиб, уларнинг мурожаатлари ва таклифларини тинглади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА