Илк бор замонавий канализация тизими барпо этилмоқда
Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат йирик шаҳарлар, балки энг олис ва чегара ҳудудларигача етиб бораётгани билан аҳамиятлидир. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва ҳудудлар ўртасидаги инфратузилмавий тафовутларни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди.
Ана шу эзгу мақсадлар самараси ўлароқ, Бухоро вилоятининг Туркманистон Республикаси билан чегарадош Олот туманида илк бор замонавий канализация тизимини барпо этиш бўйича кенг кўламли қурилиш ишлари бошланди. Бу нафақат муҳандислик лойиҳаси, балки минглаб инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган улкан ижтимоий дастурдир.
Кўп йиллар давомида аҳоли асосан маҳаллий шароитларга мослашган ҳолда маиший оқова сувларни чиқариш муаммосини ҳал қилиб келган бўлса, эндиликда Олот тумани ҳам замонавий коммунал инфратузилмага эга ҳудудлар қаторига қўшилмоқда. Бу эса туман тарихида янги саҳифа очмоқда.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги 482-сонли қарори асосида амалга оширилаётган “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш” дастурининг муҳим қисми ҳисобланади.

Қурилиш ишлари дастлаб Асажам маҳалласи ҳудудида бошланди. Кейинги босқичларда эса Асажам, Оқ-Олтин, Жайхунобод, Бўстон, Наврўз, Халифа, Бунёдкор, Эски Олот ва Солоқоровул маҳаллалари тўлиқ қамраб олинади. Натижада 27 минг нафардан ортиқ аҳоли илк бор марказлашган замонавий канализация хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Лойиҳанинг кўлами ва аҳамияти рақамларда янада яққол намоён бўлади. Унга кўра, умумий узунлиги 198 километр бўлган канализация тармоғи барпо этилади. Шунингдек, суткасига 3 800 куб метр оқова сувни қайта ишлаш қувватига эга замонавий тозалаш иншооти ҳамда 20 та насос станцияси қурилади. Барча ишлар 3 гектардан ортиқ ҳудудда амалга оширилиб, лойиҳага 17,7 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа фақат коммуникация тармоғини янгилаш билан чекланиб қолмайди. Энг аввало, аҳолининг санитария-гигиена шароитлари тубдан яхшиланади. Ер ости сувларининг ифлосланиши олди олинади, атроф-муҳит муҳофазаси кучаяди ва экологик барқарорлик таъминланади.

Таҳлилларга кўра, замонавий канализация тизими мавжуд бўлган ҳудудларда аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари яхшиланади, юқумли касалликлар хавфи камаяди ҳамда яшаш муҳити анча қулайлашади. Бу эса инсон капитали ва ҳаёт сифатига қаратилган энг муҳим инвестициялардан бири ҳисобланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, илгари йирик шаҳарларга хос бўлган бундай инфратузилма лойиҳалари бугун мамлакатимизнинг чегара ҳудудларигача етиб бормоқда. Бу эса давлат сиёсати марказида аввало инсон манфаати турганининг яна бир амалий исботидир.
Олот туманида бошланган мазкур қурилиш ишлари келажакда ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, янги турар-жой массивлари ва ижтимоий объектларни барпо этиш учун ҳам мустаҳкам замин яратади. Энг муҳими, бугунги саъй-ҳаракатлар келажак авлод учун замонавий ва қулай яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Шубҳасиз, Олотда амалга оширилаётган ушбу улкан лойиҳа Президент ташаббуси билан чекка ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш сиёсати амалда ўз самарасини бераётганининг ёрқин намунасидир. Яқин йилларда замонавий инфратузилмага эга, экологик барқарор ва аҳоли яшаши учун ҳар жиҳатдан қулай Олот тимсолида Янги Ўзбекистон тараққиётининг яна бир муҳим натижаси намоён бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири